19:09 / 25.04.2017
9204

ОЧЛ. «Локомотив» Тошкентдаги учрашувда 4та гол ўтказди

Тошкентнинг «Локомотив» клуби Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи, 5-турида Саудия Арабистонининг «Ал Таавон» клубини қабул қилди.

Учрашувда мезбонлар 3:1 ҳисобидаги устунликни сақлаб қола олишмади. Жамоанинг тажрибали ҳужумчиси Марат Бикмаев амалга оширган ҳет-трик жамоага ёрдам бермади ва якунда 4:4 ҳисобидаги дуранг қайд этилди.

18-дақиқасида саудияликлар ҳужумчиси Абдулмажид ал-Суват ҳисобни очди, 3 дақиқа ўтиб Марат Бикмаев мувозанатни тиклади.  

31-дақиқада «Ал Таавон» футболчиси ўз жарима майдончасида Жалолиддин Машариповни йиқитгани учун ҳакам саудияликар дарвозаси томон пенальти белгилади. 11 метрлик жарима зарбасини амалга оширган Марат Бикмаев мўлжалда адашмади ва жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.

38-дақиқада эса «Ал Таавон» фойдасига пенальти белгиланди. Саудияликлар сардори томонидан берилган зарбани Игнатий Нестеров қайтарди. Танаффусгача 2:1 ҳисоби сақланиб қолди.

Иккинчи бўлимнинг илк дақиқаларида Марат Бикмаев учинчи голини урди. Аммо мезбонлар 65 ва 69-дақиқаларда ўз дарвозасидан кетма-кет гол ўтказиб юборди ҳамда ҳисоб 3:3 кўринишига келди.

81-дақиқада Жалолиддин Машарипов рейд уюштириб, ҳужумни ўзи якунлади ва ҳисоб 4:3.

Аммо ўйин якунида Рикардо Мачадо стандарт вазиятдан узатилган тўпни боши билан дарвозага йўллади – 4:4.

Мазкур натижадан кейин «Локомотив» ҳисобидаги очколар сони 5 тага етди ва жамоа гуруҳда сўнгги ўринда қолди. «Ал Таавон»да ҳам 5 очко, аммо ўзаро ўйинлар натижасига кўра саудияликлар жамоаси 3-поғонада жойлашди.

ОЧЛ–2017. А гуруҳи, 5-тур
«Локомотив» – «Ал Таавон» 4:4 (2:1, 2:3)
Голлар: Марат Бикмаев (21, 31, 47), Жалолиддин Машарипов (81) – Абдулмажид ал-Суват (18), Жиҳон ал-Ҳуссайн (65), Алассан Н’Диайе (69), Рикардо Мачадо (90)
«Локомотив»: Игнатий Нестеров, Бобур Йўлдошев, Кахи Махарадзе, Икром Алибоев, Марат Бикмаев, Сардор Мирзаев (Мурод Бобожонов, 85), Тимур Кападзе (Салим Мустафоев, 75), Ислом Тўхтахўжаев, Олег Зотеев, Диёр Туропов (Қувондиқ Рўзиев, 67), Жалолиддин Машарипов.
«Ал Таавон»: 22.Фаҳад ал-Шаммари, Абдулла Кано, Рикардо Мачадо, Жиҳод ал-Ҳуссайн, Муҳаммад Абусабаан (ал-Барака, 46), Наиф Муса, Маҳмуд Муаз, Алассан Н’Диайе, Саид ал-Досари, Лучиан Санмартен (ал-Саири, 63), Абдулмажид ал-Суват.
Огоҳлантиришлар: Марат Бикмаев (42) – Наиф Муса (7).

Top