19:56 / 03.05.2017
65686

Наманган вилояти ҳокими билан очиқ суҳбат (видео)

Кун.uz таҳририяти 2017 йил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан Ўзбекистоннинг турли вилоятларига ижодий сафар уюштириб, раҳбарлар, мутасаддилар ва аҳоли билан мулоқот ўтказишда давом этмоқда. Таҳририятнинг навбатдаги сафари Наманган вилоятига бўлди.

Сафар давомида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билан турли масалаларда очиқ суҳбат бўлиб ўтди. Ушбу суҳбат давомида вилоятда мавжуд муаммолар тилга олинди ва уларнинг ҳал этилиши борасида фикрлар ўртага ташланди. 

Вилоятдаги йўллар ҳолати

Охирги йилларда йўл тизими бўйича Наманган вилоятида нисбатан четда қолган. Йўллар бўйича 11 та лойиҳамиз давлат дастурига тушган ва уларнинг барчасига маблағ ажратилган. Лекин, шу 11 та лойиҳалар охирига етмай қолиб кетган. Сабаби улар номақбул қурувчиларга берилган. Бунда ўзимиз ҳам назоратсизлик қилганмиз, ўзимизда катта айб бор. Бугунги кунда асфальтлаш учун 39 миллиард сўм ажратилган, қишлоқлардаги ички кўчаларда қаттиқ қопламали шағалга ўтилади. Наманган вилоятига 17,5 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда. Бунинг натижасида 284 километр лой бўлган ички кўчаларимиз қаттиқ қопламали йўлларга айлантирилади. 

 

Қишлоқ хўжалиги соҳаси

Қишлоқ хўжалиги бизнинг энг асосий тармоқларимиздан бири. Бугунги кунда аҳолимизнинг қарийб 50 фоизи қишлоқда истиқомат қилаяпти. Бизни боқадиган ҳам, кийинтирадиган ҳам ердир. Олдинлари тўлиқ пахта экиб, фақат пахтачилик, ғаллачиликка ихтисослашган бўлсак, махсус қарорлар билан йилма-йил пахта майдонлари қисқариб бормоқда. Келгуси 5 йил ичида 10 минг гектар пахта майдони, 5 минг гектар ғалла майдони қисқаради. Улар бугунги кунда самара бермаётган ерлардир. Наманган вилоятида ўтган йилнинг якуни билан оладиган бўлсак пахтани қайта ишлаш фоизини 37 фоизни ташкил қилди. Бугун Наманган вилоятида махсус қарорлар билан 15 та дастур амалга оширилмоқда. 2017-2018 йилларда бу дастурлардаги барча тўқимачилик корхоналари фойдаланишга топширилади. Режада 2017-2018 йилларда амалга ошириладиган лойиҳаларнинг пировард натижаси билан 37 фоиз қайта ишлаётган пахтамизнинг 100 фоизи Наманган вилоятида қайта ишланади. 

Бугунги кунда 34 минг гектар боғ-токларимиз бор. Бу жуда катта имконият. Биринчидан, бу мева-сабзавотни етиштириш. Қолаверса, буни экспортга юбориш. Бу йил 162 миллион долларлик экспорт қилишни режалаштирганмиз. Лекин жуда катта муаммоларимиз бор. Бизда юқори ҳосилли, энг замонавий уруғларимиз йўқ. 24 минг боғимизнинг деярли 22 мингининг ҳаммаси эски боғлар. Буларни янгилаш керак.

 

Ички ишлар фаолияти ҳақида

Савол берган фуқароларимиз норози бўлган бўлиши мумкин. Беш қўл баробар эмас. Ички ишлар идораларида ҳам ҳар хил ходимлар бор. Қонун бузилиш қиладиганлари ҳам бор. Уларнинг қанчаси жазоланмоқда. Лекин бошимизга ташвиш тушадиган бўлса биринчи бўлиб ички ишларга борамиз. Ички ишлар билан биргаликда ишласак норозиликлар бўлмайди. 

Наманган шаҳрида тирбандлик ҳақиқатдан ҳам бор. Сабаби автобусимиз йўқ эди. Одамларимизни ташишда фақат “Дамас”ларга таяниб қолгандик. Шаҳарда жуда кўплаб бундай машиналар юриши оқибатида кўчалар ҳаракатланиш қийин бўлиб қолганди. Лекин бугунги кунга келиб 200 тага яқин автобус олдик. Яна 70 автобус олишимиз керак. Бу орқали шундай муаммолар бартараф этилади.

Ички ишлар ходимлари томонидан юк машиналари ҳайдовчиларини ҳашарга жалб қилиш ҳолатлари бўлаётгани рост. Бу ишларда биринчи навбатда жамият манфаати кўзда тутилган. Лекин мажбурлов йўқ. Авваламбор мурожаат қилинади. Одамларимиз шаҳарнинг гўзаллигига ўз ҳиссаларини қўшиш истагидалар. 

 

Тоза ичимлик суви, электр энергияси ва газ масаласи

Бу кўплаб аҳолимизнинг эътирозларига сабаб бўлаётган масала. Айниқса электр энергияси соҳасида муаммолар қишки мавсумда бор. Лекин бу масаланинг ечими эртами кечми барибир топилади. Тўрақўрғон туманида қиймати 1 млрд. 100 млн. долларлик иссиқлик электр станцияси қурилиши бошланди. 970 мегаваттгача ишлаб чиқарилиши мумкин. 2019 йилнинг Наврўз байрамига 450 мегаватт, 2020 йилнинг бошларида тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган. Бу ИЭСнинг ишга туширилиши бутун водийнинг электрга бўлган таъминотини тўлиқ қоплаб бериши мумкин. 

Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида метан газ ёқилмайди. Лекин шундай хомашёни одамларни уйига трубада олиб кириб, ёқиб юборамиз. Ундан 200 дан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин. Биз газ тўлиқ етиб бормаган узоқ жойлардаги аҳолига тўғри тушунтирган ҳолда, уларнинг розилигини олган ҳолда уларни тармоқлардан узмоқдамиз. Бунинг ўрнига эса тўлиқ суюлтирилган газ билан таъминот йўлга қўйиляпти.  

Сув масаласи ҳам Наманган вилоятида жуда мураккаб масала. Бугун сув билан таъминланиш даражаси, айниқса қишлоқларимизда жуда ҳам паст. Бугун сув билан таъминлаш даражаси 74 фоизни ташкил этади. Қишлоқлар бундан ҳам паст аҳволда. Лекин бу борада ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Куни кеча қабул қилинган ҳужжатга кўра, Наманган вилояти ва Наманган шаҳрини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича лойиҳа Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 160 миллион долларлик маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. 

 

Суҳбатнинг тўлиқ шаклини видеода томоша қилишингиз мумкин.

Top