08:13 / 10.05.2017
8603

АҚШ ҳуқуқ ҳимоячилари Трамп маъмуриятини судга беришди

Фото: ТАСС

АҚШдаги ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Protect democracy project (PDP) суд орқали АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятидан 7 апрелда Сурия ҳудудини қанотли ракеталар билан ўққа тутганини тушунтириб беришни талаб қилмоқда. The New York Times нашрининг маълум қилишича, Трамп маъмурияти устидан даъво аризаси Вашингтондаги Колумбия округи федерал судига топширилган.

PDP Оқ уй зарбадан бир ой ўтгач ҳали ҳам зарба беришга нима асос бўлганига ҳуқуқий тушунтириш бермаганидан шикоят қилмоқда. Аввалги президент Барак Обама маъмурияти ҳуқуқшунослари гуруҳидан бўлган ҳуқуқ ҳимоячилари бу масала бўйича жавобгарлар сифатида АҚШ адлия, мудофаа вазирликларини ва Давлат департаментини кўрмоқчи. Ушбу идораларда даъвога жавоб бериш учун 20 кун вақт бор.

4 апрелда Сурия мухолифати Сурия армияси томондан Хон-Шайхунда кимёвий қурол қўлланганини маълум қилган. Таъкидланишича, ушбу ҳужум оқибатида 87 киши ҳалок бўлган ва 200 дан кўпроқ киши яраланган. Дамашқ бу воқеага алоқаси йўқлигини таъкидлашига қарамасдан, Дональд Трамп 7 апрелга ўтар кечаси Суриядаги Шайрат аэродромига зарба беришга буйруқ берган. Аэродромга 58 та қанотли ракета билан зарба берилган.   

Тахминлардан бирига кўра, Трампга зарба бериш қарорини қабул қилишда қизи Иванка таъсир кўрсатган. The Independent нашрининг таъқидлашича, Иванка Хон-Шайхунда қурбон бўлганлар ва жароҳатланганлар тасвирланган лавҳалардан таъсирланиб отасига зарба бериш лозимлигини уқтирган. Кейинроқ у бу тахминларни рад этган.

Top