18:20 / 16.05.2017
12788

Тинч океанидаги кимсасиз оролда 18 тонна пластик чиқинди аниқланди

Тинч океанидаги Хендерсон оролида дунёнинг энг ифлосланган жойларидан бири аниқланди. Бу ҳақида Proceedings of the National Academy of Sciences журналида хабар берилди

Олимларнинг таъкидлашича, Янги Зеландия ва Лотин Америкаси ўртасида жойлашган Британиянинг кимсасиз ороли соҳиллари тахминан 37,7 миллион пластик бўлаги билан қопланган. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, ифлосланиш зичлиги - бир квадрат метрга 671 та объект. Орол майдони - 4,3 гектар.

Оролдаги экологик муаммоларнинг асосий сабаби сифатида унинг ноқулай жойлашув ўрни келтирилмоқда. Хендерсон шундай жойлашганки, оқим Жанубий Америка ёки балиқчилар кемасидан ташланган чиқиндиларни шу ерга олиб келади. 

"Хендерсон оролида рўй берган воқеалар океанларнинг ҳатто энг чекка ҳудудлари ҳам пластик билан ифлосланишдан холи эмаслигини кўрсатади", - дея таъкидлади тадқиқотнинг етакчи муаллифи бўлган Тасмания Университети олими Женнифер Лаверс.

Олимларнинг фикрича, тўлқинлар ҳар куни орол қирғоқларига 3 мингдан зиёд янги чиқиндиларни келтиради, уларнинг 99,8 фоизи - пластик. Тадқиқотда таъкидланишича, чоп этилган рақамлар фалокат кўламини камайтиради, зеро муаллифлар оролдаги қоялар ва тошли қирғоқларни тадқиқ қилишнинг уддасидан чиқа олишгани йўқ. 

Орол қирғоқларида энг кўп учраган чиқиндилар - пластик идиш-товоқлар ва шампунь идишлари. Тадқиқот муаллифларининг сўзларига кўра, чиқиндилар сонининг ошиши ҳудуддаги ноёб қуш турлари ҳаётига хавф туғдиради. 

Top