17:37 / 17.05.2017
31898

Путиндан навбатдаги сиёсий ҳазил: «Кечирасиз, бу махфий маълумот, сизга айта олмайман»

Фото: ТАСС

Россия президенти Владимир Путин айни вақтда Италия бош вазири Паоло Жентилони билан учрашув ўтказмоқда.

Журналистлар учун ўтказилаётган брифингнинг асосий мавзуси Сергей Лавров ҳамда Дональд Трампнинг учрашуви бўлди. Журналистлар Путиндан катта еттилик мамлакат раҳбарлари учрашувида Италия бош вазирига қандай маълумот бергани ҳақида сўрашди.

«Италия томонга қандай маълумот йўлладим? Кечирасиз, бу ўта махфий маълумот. Уни сизга айта олмайман»,- деди Путин.

Ўзининг сиёсий ҳазиллари ва қочиримлари билан машҳур бўлган Путин бу билан Лавровнинг АҚШга ташрифидан кейин авж олган ғала-ғовурга ишора қилганди. Мавзуни давом эттирар экан Путин АҚШдаги барча ёмон нарсаларда Россияни айблашлари хунук иш эканини таъкидлади: «Улар АҚШдаги мураккаб сиёсий вазиятда Россияни айблашмоқда. Бу ҳолатда иккита тахмин бор. Биринчидан, улар мамлакатдаги ҳолатни тушунишмаяпти. Бундай ҳолатда улар аҳмоқ бўлишади. Ёки улар ҳаммасини билиб, бизни айблашмоқда. Бу ҳолатда улар жуда хавфли»,- дейди Путин.

Аввалроқ Путин Лавров унга ҳеч қандай маълумотлар келтирмаганини айтиб ҳазиллашган ва бу учун вазирни жазолаш керак эканини қўшимча қилганди.

Top