Жаҳон | 17:54 / 19.05.2017
49737
13 дақиқада ўқилади

Атамбаев ўрнига номзодлар: Рус тили ўқитувчисидан тортиб «ун қироли»гача

Фото: Sputnik

Ниҳоят Қирғизистон социал-демократик партияси мамлакат президентлиги лавозимига ўз номзодини аниқлаб олди. Партия сиёсий кенгаши мамлакатнинг айни пайтдаги бош вазири Сооронбай Жээнбеков номзодида тўхталди.

Илгарироқ, собиқ ҳукумат бошлиғи Темур Сариев, «Республика — Ота Юрт» фракцияси етакчиси Омурбек Бабанов, «Онугуу-Прогресс» партияси раҳбари Бакит Торобаев ва коррупцияда айбланиб, Қирғизистон миллий хавфсизлиги давлат қўмитаси ертўласида ҳибсда сақланаётган «Ота макон» партиясининг ўзгармас раҳбари Омурбек Текебаев президентлик сайлови пойгасида ўз иштирокини билдириб ўтган эди.

Экспертлар агар президентлик сайловолди кампанияси бошланишидан олдин суд Текебаевга нисбатан ҳукм ўқимаса ва унинг номзоди олиб ташланмаса, пойга айнан мана шу беш номзод ўртасида бўлиб ўтишини башорат қилишмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрича, қолган номзодлар статистлар сифатида сайловда қатнашишади.

Қирғизистоннинг «24.kg» ахборот агентлиги номзодларнинг таржимаи ҳолидаги энг эътиборга молик жиҳатларни ёдга олиб чиқди.

Зоотехникликдан бош вазирликкача

Сооронбай Жээнбеков 1958 йилда Ўш вилоятининг Қоракулча қишлоғида таваллуд топган.

Жээнбековлар уруғи мамлакат жанубида энг нуфузлиларидан бири саналади.

Фото: Sputnik

Унинг отаси Шерип Жээнбековнинг олти ўғли, икки қизи бор. Тўнғичи — Канторо Жээнбеков обрўли олим бўлган. У ҳаётини фанга бағишлаб, катта сиёсатдан ўзини тортиб юрган. Канторо Шарипович шу йилнинг апрелида Президент иш юритиш бошқармасига қарашли касалхонада вафот этди. Унинг ўлимига инсульт сабаб бўлди.

Номзоднинг кичик акаси — Асилбек Жээнбеков — яқин-яқингача Қирғизистон парламентида спикер лавозимини эгаллаб келаётган эди. Агар Сооронбай Жээнбеков ҳукуматни бошқара бошламаганида, у шу кунларда ҳам парламент раҳбари бўлиб турган бўлар эди. Асилбек Жээнбеков ўз вазифасидан воз кечишга мажбур бўлди. Жусупбек Шарипович яқингача мамлакатнинг Саудия Арабистонидаги элчиси эди. Жирғалбек Жээнбеков Ўш вилоятида яшайди. Жанишбек Жээнбеков — амакиваччаси. Энг кенжаси Искендер Жээнбеков 28 ёшида Ўш вилояти прокурори бўлган эди, у ҳам вафот этган. Сооронбай Жээнбековнинг опа-сингиллари ҳақида маълумот йўқ. Улар сиёсатдан йироқ, оддий ҳаёт кечиришади.

Қизиқ факт: бош вазир Сооронбай Жээнбеков рус тилида жуда ёмон гапиради ва асосан қирғиз тилидан фойдаланади. Бироқ, у ўз меҳнат фаолиятини 1973 йилда Ўзган туманида рус тили ва адабиёти ўқитувчиси сифатида бошлаган.

Ўзининг олий маълумот тўғрисидаги илк дипломини у 1983 йилда Скрябин номидаги қишлоқ хўжалиги институтини тугатгандан сўнг қўлга киритган. Анча йил зоотехник бўлиб ишлаган.

Асқар Акаев иқтидорда бўлиб турган пайтларда Қирғизистон парламентининг халқ вакиллари Мажлиси депутати бўлган.

Қурманбек Бакиев президентлиги вақтида қишлоқ хўжалиги вазирлигини бошқарган.

ҚСДПга «Оқ уй»нинг қаттиқ босими уюштирилгач, Сооронбай Жээнбеков сиёсатдан воз кечиб, ўзини бизнес соҳасига урган.

Катта сиёсатга 2010 йилнинг апрелида қайтган. У ўшанда Ўш вилояти ҳокими бўлган. 2010 йили Ўшда юз берган фожиали воқеалар айнан унинг ҳокимлиги даврига тўғри келади. 

Лекин бу вазифада у 5 йил ишлаб, 2015 йилнинг октябрида давлат кадрлар хизматига етакчилик қила бошлади. 2016 йилнинг апрелида бош вазир этиб сайланган. 2017 йилда унинг истеъфога чиқиши кутилаётган эди, бироқ тақдирига бошқа нарса ёзилган экан шекилли, Сооронбай Жээнбековни президентликка номзод сифатида илгари суришди.

Ботинан мухолифатчи бўлган муаллим

Маориф соҳасини сиёсий саҳнага ўзгартирган яна бир собиқ ўқитувчи Омурбек Текебаев бўлади. У 1991 йилда «Эркин Қирғизистон» партиясига етакчи бўлгач, сиёсий чўққига кўтарилишни бошлайди. Текебаев ҳақли равишда Қирғизистон Республикаси конституциясининг тугаш билмаётган таҳрирлаш жараёнининг «фахрий»си ҳисобланади.

Фото: Sputnik

1991 йилда у Асосий қонунни ишлаб чиқиш бўйича комиссия аъзосига айлангач, мамлакат бош ҳужжатини қайта ёзиш ишида доимо иштирок этиб келган. 2010 йилда эса Конституцион мажлисни бутунлай бошқара бошлади.

Омурбек Текебаев — кўп йиллик стажга эга депутат. У тўртинчисини ҳисобга олганда, барча чақириқлардаги парламент аъзоси, ўшанда «Ота макон»ни парламентга ўтказишмаган ва қулоқсиз социалистларни социал-демократлар ва қатъиятсиз коммунистлар билан алмаштиришган.

2000 йилдан Асқар Акаев билан биргаликдаги даврдан бошлаб Омурбек Текебаев ўз номзодини президентлик сайловларига қўйиб келади.

Ютқазгач, мухолифат сафидан ўрин олган. «Оқ уй»нинг муросасиз рақиби сифатида у 2005 ва 2010 йилларда иккита давлат тўнтаришини кутиб олди.

Бутун сиёсий фаолияти давомида Текебаев ортидан можаролар изи қолиб бормоқда. Сўнгиси — коррупцион можаро унинг ҳибсга олиниши билан тугади. Нима бўлганда ҳам, партияси ўз етакчисини президентликка номзод сифатида илгари суришга қарор қилди. МСКда уни рўйхатга олишларини ваъда қилишган.

«Ун қироли»нинг орзуси

Бакит Торобаев президентлик пойгасидаги ўз рақибларига қараганда сиёсат майдонида янги киши ҳисобланади. 2007 йилгача у тадбиркорлик билан шуғулланган. Уни «ун қироли» деб ҳам аташади. Чунки Жалолобод вилоятидаги энг йирик ун тайёрлаш корхонаси унга тегишли.

Фото: Sputnik

2007 йилда у Бакиевнинг «Оқ йўл» партияси таркибида депутат этиб сайланади, 2009 йил октябрида фавқулодда вазиятлар вазири этиб тайинланади. 2010 йил апрелида тушунарсиз сабабларга кўра ўз лавозимидан воз кечади ва Омурбек Бабановнинг «Республика» партиясига қўшилади. 2010 йилда янги партияси байроғи остида бешинчи чақириқ парламентига депутат этиб сайланади. Бироқ Торобаев 2013 йилда ўз бошлиғи билан «ажралади» ҳамда Мирлан Бакиров ва Тинчтик Шайназаров билан депутатлик гуруҳини тузади. Ўшанда у «Онугуу-Прогресс» партиясига асос солади ва у 2015 йилги сайловларда Олий Кенгашга тўртинчи партия бўлиб ўтади.

Бакит Торобаев 2016 йилда парламент спикери лавозими учун муваффақиятсиз курашиб кўради.

«Онугуу-Прогресс» 2016 йилнинг ноябрида коалициядан чиқиб кетади, чунки Бакит Торобаев ва унинг собиқ ҳамфикрлари ҚСДП томонидан таклиф этилган, Конституцияга киритилажак ўзгаришларни қўллаб-қувватлашмайди. Февраль ойида эса Торобаев катталарнинг ғазабига учраб, ҳибсга олинган Омурбек Текебаевни қўллашини маълум қилади ва ўзи ҳам «катта»ларнинг қора рўйхатига тушиб қолади. Торобаевни, шунингдек, парламентни тарқатиб юбориш ҳақидаги фикрлари ҳам машҳур қилган. У яна Бишкекни Сингапур каби ривожлантириш кераклигини таъкидлаб келади.

Амбицияли олигарх

Қирғизистоннинг энг бой сиёсатчиларидан бири Омурбек Бабанов ҳам ўзини президентликка номзод сифатида синаб кўради. У ҳам Сооронбай Жээнбеков каби дастлабки олий маълумотига кўра қишлоқ хўжалиги ходими. Ҳукумат тузилмаларига келгунга қадар ишбилармонлик билан шуғулланган. 2005 йилда парламент депутати бўлади. 2006 йилда «Ислоҳотлар учун» мухолифатчи ҳаракатга қўшилади ва Омурбек Текебаев, Болот Шер ва Азимбек Бекназаров билан биргаликда янги Конституция қабул қилиш ҳамда Курманбек Бакиевнинг истеъфога чиқарилишини талаб қилади. Ўша йилнинг ноябрида «Оқ уй» олдида ҳокимият рақибларининг митингларини ўтказади.

Фото: Sputnik

Митинглар жуда ҳиссиётларга бой тарзда ўтгани сабабли журналистлар Бабановга «Инқилоб Дижейи» лақабини беришган.

2007 йилда Омурбек Бабанов ҚСДП рўйхати бўйича парламентга киришга уриниб кўради, бироқ МСК унинг Қозоғистон фуқароси ҳам эканлигини аниқлаб, бу ишга тўсиқ қўяди. Бабанов ўз ўрнини Роза Отунбаевага бўшатиб, ўзини четга олади.

Апрель воқеалари ва Бакиевнинг қочишидан сўнг бош вазирнинг биринчи ўринбосари сифатида Алмазбек Атамбаев ҳукумати таркибига киритилади. 2011 йилнинг октябрида Атамбаев президент этиб сайлангач, бош вазир вазифасини вақтинча бажарувчи бўлиб ишлаган. 2012 йил 1 сентябрида, парламент кўпчилиги коалицияси бўлингач, истеъфога чиққан.

Бу истеъфога Бабановнинг ашаддий дўсти ва адаши Омурбек Текебаев сабаб бўлади. Айнан у Бабанов турк бизнесменларидан совға сифатида олган от ҳақидаги воқеани оммага эълон қилган эди. 

2010 йилнинг июнида тузилган Бабановнинг «Республика»си ҳам чок-чокидан сўкилиб кетади. 2014 йилнинг 20 октябрида «Республика» ва «Ота Юрт» партияларининг навбатдан ташқари қўшма қурултойи ўтказилади ва унда делегатлар кўпчилик овоз билан «Республика — Ота Юрт» янги сиёсий кучининг яратилишига розилик беришади. Омурбек Бабанов Қамчибек Ташиев билан биргаликда янги партиянинг ҳамраиси бўлади.

2015 йил ёзида партия Олий Кенгаш учун ўтказиладиган сайловларга фаол тайёргарлик кўра бошлайди. Бироқ сайловолди кампаниясига бир ой қолганда ўзининг жаҳлдорлиги билан ном қозонган Қамчибек Ташиев рақобатчи ташкилот — «Онугуу-Прогресс» штаби вакили билан муштлашиб кетади. МСК Ташиевни сайланиш ҳуқуқидан маҳрум этади. Бабанов собиқ сафдоши учун кўп ҳам қайғуриб ўтирмайди, бироқ Бабанов ва Ташиев бир-бирининг ёғ босган юзларига қор ишқалашаётгани сурати ижтимоий тармоқларда тарқатилиб, «ҳақиқий» эркакча дўстлик қанақа бўлиши намойиш этилади.

Қамчибек Ташиев ўз дўстлари Ахматбек Келдибеков ва Адахан Мадумаров олдига кетади, Омурбек Бабанов эса депутат этиб сайланиб, «Республика — Ота Юрт» фракциясини бошқара бошлайди.

2017 йил мартида «Республика — Ота Юрт» партиясидан номзод сифатида президентлик сайловларида иштирок этиш ниятини ошкор этади. Бироқ ҳар хил гап-сўзлар келиб чиқмаслиги учун, журналистларга ўз миллионларини қандай ишлаб топгани-ю, қариндошларидан бири Россия-Қирғизистон ривожлантириш фондидан 17 миллион доллар кредит олганлигини ҳам ошкор этади.

Қалбда баҳор ва комсомол

Президентликка номзодлардан яна бири — собиқ бош вазир Темир Сариев. У ўзининг меҳнат фаолиятини 1983 йилда Аламедин мўйна фабрикасида бошлаган. Кейинроқ сиёсий ҳаётида юз бергани каби, ўшанда ҳам катта қадамлар ташлаб, 1987 йилда бош иқтисодчи бўлиб олади. 1987–1989 йилларда йўриқчи лавозимини эгаллайди, сўнгра Аламедин район комсомол қўмитасининг ишчи ёшлар бўлими мудири бўлиб ишлайди.

Фото: Sputnik

1989 йилдан 1991 йилгача ўзини партия ишларида намоён этади. СССР тарқалгач, Темир Сариев ўзини бизнесга уради.

Ишбилармонлик билан шуғулланаётган тажрибали иқтисодчи сифатида Қирғизистондаги биринчи товар-хомашё биржасининг президенти бўлади ва у ерда 1995 йилгача ишлайди.

2000 йилдан бошлаб Темир Сариев ўзини сиёсатда синаб кўришга қарор қилади ва парламент сайловларида қатнашиб кўради ҳамда муваффақият қозонади.

2005 йилги давлат тўнтаришини ҳам депутатлик мандати билан кутиб олади. 2007 йилда учинчи чақириқ парламенти муддатидан олдин тарқатиб юборилади. Тўртинчи чақириққа Сариев кира олмайди ва мухолифатга ўтиб кетади. У «Ислоҳотлар учун!» ҳаракатининг ҳамраисига айланади ва бир вақтнинг ўзида «Акшумкар» демократик кучлар иттифоқи» партиясига ҳам ҳамраислик қилади. 

2008 июнида «Акшумкар»га раис этиб сайланади.

2008 йилнинг 24 декабридан Қирғизистон Республикасининг мухолифатдаги «Бирлашган халқ харакати» сиёсий бюроси аъзоси.

Апрель воқеаларидан сўнг вақтинчалик ҳукумат раиси ўринбосари этиб тайинланган ва ўриндошлик асосида молия вазирлигини ҳам бошқарган. 2011 йилда парламент йиғилишида апрель ва июнь воқеалари сабабларини суриштириш миллий комиссиясининг ҳисоботи эшитилаётган чоғдаги ростгўйлиги учун ундан вазирлик лавозими тортиб олинишига бир бахя қолади. Ўшанда у турли банклардаги ёпиқ банк ячейкалари ва ҳибсга олинган ҳисоб рақамлардан пул олинганини билганига иқрор бўлади. 2014 йилда Темир Сариев бошқатдан суриштирув ўтказилишини талаб қилади, лекин у ҳанузгача ўтказилмаган.

Парламентнинг бешинчи чақириғига ҳам у кира олмади. 2010 йилнинг 10 октябрида ўтказилган парламент сайловларида унинг партияси уч фоиздан камроқ овоз тўплаган эди.

2015 йилнинг 2 майида Темир Сариев иқтисодиёт вазири курсисидан бош вазирлик курсисига ўтказилади.

2016 йилнинг 11 апрелида, ҳукуматнинг навбатдан ташқари йиғилишида бош вазир Темир Сариев истеъфога чиқишини маълум қилади. Автомобиль йўлларини қайта таъмирлаш бўйича ўтказилган тендерлар билан боғлиқ можаро унинг истеъфосига сабаб бўлади.

Можарони «Қирғизистон» фракцияси етакчиси Қанатбек Исаев бошлаб беради. Бироқ, Исаевнинг ўзи ҳам кейинроқ фракция ичидаги интригалар қурбонига айланади ва етакчиликдан маҳрум этилади.

2017 йил январида Темир Сариев президентлик сайловларида иштирок этишини расман эълон қилган эди.

Мавзуга оид