Жамият | 19:10 / 02.06.2017
31645
3 дақиқада ўқилади

1 июнь – Халқаро болалар куни айрим истироҳат боғларида хавфсизлик кунига айланди

Кеча, 1 июнь куни Республиканинг барча ҳудудларида Халқаро болалар куни кенг нишонланди. Тошкентдаги сайилгоҳларда болажонлар учун концерт дастурлари, кўргазмалар, махсус акциялар ташкил этилди.

Тошкентдаги Ғофур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида 12 ёшгача бўлган болалар учун барча аттракционлар нархи 1000 сўм деб белгиланди. Бу эса болаларнинг байрам шодиёнаси янада кўтаринки руҳда ўтиши, боғнинг ҳар доимгиданда гавжумроқ бўлишини таъминлаб берди. 

Шунингдек, Тошкент шаҳридаги айрим маҳаллалари, жумладан, Юнусобод туманидаги "Увайсий" ва "Чоштепа" маҳаллаларида болалар учун махсус байрам томошалари ташкил этилгани янада қувонч бағишлади. Дастур давомида болалар ўз уйларидан узоққа кетмаган ҳолда турли мусобақаларда иштирок этиб, байрам дастурларини томоша қилиб, ўз тенгдошлари билан вақтни мароқли ўтказишди. 

Шунингдек, болажонларга махсус байрам совғалари ҳам улашилди. 

Бироқ айрим кўнгилочар боғларнинг фаолияти жуда ҳам эрта тугатилгани кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлди. 

Маълумки, 1 июнь санаси дам олиш куни, деб эъон қилинмаган. Шу боис, кўплаб ота-оналар фақат иш вақтидан сўнггина фарзандларини айлантириш учун бирон бир боққа олиб боришлари мумкин.

Одатда, иш вақти 18:00да якунланади ва уйга қайтиб, кечки овқат тановул қилгунга қадар соат кечки саккизга ҳам яқинлашиб қолади. Бундан ташқари, муборак Рамазон ойи муносабати билан кўпчилик ифторлик вақтидан сўнг кўчага чиқишга имкон топади. 

Кун.uz мухбирининг хабар беришича, пойтахтдаги истироҳат боғлари, жумладан, "Локомотив" кўнгилочар истироҳат боғи ҳамда "Анҳор-Локомотив" боғининг соат 20:00дан сўнг ёпиб қўйилиши байрам нишонлаш умидида ташриф буюрган кўплаб оилаларнинг норозилигига, жажжи болажонларнинг эса кўнгиллари хира тортишига сабаб бўлди.

ИИБ ходимининг сўзларига кўра, кўнгилочар боғларнинг эрта ёпилиши аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қилинган чора-тадбир бўлиб, байрам кунларидан ташқари, боғларнинг фаолияти одатдагидек давом этаверади.

Эътибор беринг – “байрам кунларидан ташқари!”. Айримларга ўхшаб, ҳар йили чет элга чиқиб, ҳордиқ чиқаришга имкон тополмаётган аксари одамлар байрам кунлари истироҳат боғларига бориб, атрофдаги манзарадан баҳраманд бўлиб, йиғилиб қолган стрессларини чиқаришга, шу баҳона яқинларининг севинчига сабаб бўлишга ҳақлари борми? Бор, албатта. Ишхонадаги муаммолар, жамиятдаги айрим кўнгилсиз ҳолатлар, хуллас, таранглашган асаблар дам олиш масканлари ёки истироҳат боғларида янада таранглашса, бунга қандай изоҳ бериш мумкин? Бу борада сиз азиз ўқувчиларнинг фикрини кутиб қоламиз.

Мавзуга оид