Жаҳон | 08:17 / 15.06.2017
6460
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда Остона иқтисодий форуми ўз ишини бошламоқда

Фото: РИА Новости

15 июнда Қозоғистон пойтахтида Остона иқтисодий форуми ўз ишини бошлайди. Форум 2 кун давом этади.

Форум ташкилотчиларининг таъкидлашича, форум анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиб келинади. "Остонада ҳар йили жаҳон иқтисодий ҳамжамияти вакиллари, кўплаб давлатларнинг амалдаги ва собиқ раҳбарлари, Нобель мукофоти совриндорлари, жаҳон илми намояндалари ва тадбиркорлар йиғилишади", деб айтилди форум сайтида. 

Остона иқтисодий форуми Қозоғистон пойтахтида 10-маротаба ўтказилмоқда, унинг жорий йилдаги мавзуси "Янги энергия – Янги иқтисодиёт" бўлади.

"Форумни яратишдан мақсад иқтисодчи-мутахассислар глобал иқтисодиёт ўзгариши шароитида Марказий Осиё минтақаси ва жаҳондаги иқтисодий ривожланиш масалаларини муҳокама қилиша оладиган халқаро холис майдонни шакллантиришдан иборат", деб айтилди форум ташкилотчилари хабарида.
 
Форум доирасида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев иштирокида ялпи мажлис ҳамда иқтисодиёт бўйича етакчи мутахассислар, жумладан Нобель мукофоти совриндорлари билан учрашувлар бўлиб ўтади. Умумий ҳисобда 20 та панел сессияси ўтказиш режалаштирилган. Асосий мавзулар барқарор иқтисодий ўсиш, жаҳон савдоси ва инфратузилмаси, инновациялар ва "яшил" иқтисодиёт бўлади.  

Форумнинг спикерлари сифатида "Қора турна" назарияси муаллифи Насим Толиб, "Иқтисодий қотил тавбаси" бестселлери муаллифи Жон Перкинс, Россия Фанлар академияси академиги Сергей Глазьев, "Глобаллашув якуни" бестселлери муаллифи Гарольд Жеймс, The Boston Consulting Group компанияси раиси Ханс Пол Брюкнер, DP World компанияси директорлар кенгаши раиси Султон Аҳмад бин Сулаймон ва бошқалар номи айтилган.

Мавзуга оид