Спорт | 09:14 / 17.06.2017
9947
2 дақиқада ўқилади

Мейвезер-Макгрегор жангига WBC бриллиант камари қўйилиши мумкин

Фото: Twitter.com

Бутунжаҳон боксчилик кенгаши WBC президенти Маурисио Сулейман америкалик боксчи Флойд Мейвезер ва ирландиялик аралаш яккакураш жангчиси Конор Макгрегор ўртасидаги жангга бриллиант камар қўйилиши мумкинлиги, жангнинг ўзи эса шу тариқа чемпионлик жанги мақомини олишини маълум қилди. 

"Эҳтимол бу юз бериши мумкин. Буни аниқ айта олмайман, бироқ бунга қарши эмасман. Бу борадаги қарорни WBC директорлар кенгаши қабул қилади, бироқ исталган ҳолда боксга ҳозирда бутун дунё эътибори қаратилган", деб айтди Сулейман ESPN телеканалига берган интервьюсида. 

Мейвезер ва Макгрегор ўртасидаги жанг 26 августда Лас-Вегасда бўлиб ўтадиган бўлди. Маълум қилинишича, икки спортчи ушбу жанг учун 100 млн доллардан ҳақ олишади.

WBC’нинг бриллиант камари WBC томондан 2009 йилда таъсис этилган махсус мукофот ҳисобланади. Камар 598 та бриллиант, 196 та зумрад тош, 6 та ёқут тош ва 150 та ярим қимматбаҳо тошлар билан безалган ва 750-пробадаги олтин билан қопланган. Унинг нархи 50 минг долларни ташкил қилади. Камар икки нафар нуфузли боксчи учрашадиган тарихий жанг ғолибига берилади. Бу камарга сазовор бўлган боксчилар орасида Мэнни Пакьяо, Флойд Мейвезер ва Сергей Ковалёв каби боксчилар бор.

Мавзуга оид