Жамият | 13:10 / 22.06.2017
14769
2 дақиқада ўқилади

Нукусда “ҳушёр қўшни”нинг қўнғироғи сабаб бир инсон ҳаёти сақлаб қолинди

Фото: ФВВ

2017 йил 20 июнь куни Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси тезкор навбатчисига Нукус шаҳри 22 мавзе 11 уй 76 хонадонда яшовчи фуқаро Б.Ситқадировнинг қўшниси деб таништирган “Рустем” исмли шахс томонидан қўнғироқ келиб тушди. Бу ҳақда ФВВ хабар берди.

У қўшниси Б.Ситқадировнинг уйига борганида эшигини очмаганлигини, лекин уйига кириб кетганлигини кўрганлигини, уйида фақат бир ўзи ёлғиз эканлиги, ёши кексалиги ва темир эшиги қулфланиб қолганлиги сабабли уй ичкарисида қолиб кетган бўлиши мумкинлигидан хавотир олиб, ёрдам беришни сўраган.

Шундан сўнг, бошқарма Қутқарув отряди қўмондони бошчилигида 4 нафар қутқарувчилар хабар келиб тушган манзилга этиб боришди ва хонадоннинг темир эшиги махсус асбоб-анжомлар билан очилганда, фуқаро Б.Ситқадиров уйда ёлғиз беҳуш ҳолда ётганлиги аниқланди ҳамда зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди. 

Воқеа жойига тиббиёт ходимлари чақиртирилди ва фуқарога ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилиши натижасида унинг ҳаёти сақланиб қолинди.

Мавзуга оид