10:47 / 23.06.2017
8629

Бекободда 20 млн сўмдан ортиқ пулни ўзлаштирган аёл ушланди

Бекобод туманида  яшовчи Мастура Шаҳобиддинова (исмлари ўзгартирилган) жамиятда фойдали меҳнат тури билан шуғулланмасдан, жиноят содир этиш йўлига кирди. Ўзгалар мулкини талон-торож қилиб, фирибгарлик яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан тез ва осон пул топиш йўлини афзал билди. Бироқ бу ишнинг охири вой бўлишини тасаввур ҳам қилмади, деб хабар бермоқда Тошкент вилояти ИИББ.

2017 йил 9 февраль куни тахминан соат 17:00 да Бекобод тумани “Янги хаёт” фермерлар уюшмасида яшовчи 1994 йилда туғилган Нилуфар Бахтиёрованинг ишончига кириш мақсадида, у ишлайдиган Бекобод тумани Зафар шаҳарчасида жойлашган “Зумрад” номли гўзаллик салонига келиб, унинг ўзига тегишли бўлган 16 грамм тилла тақинчоқларини 3-4 кун муддат ичида ҳар бир граммини 180.000 сўмдан жами 2 880 000 сўмга сотиб беришликни олдиндан ваъда қилиб, ушбу тилла тақинчоқларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, тилла тақинчоқларни сотиш эвазига келган пулларни ўзининг эхтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Бундан ташқари, фуқароларнинг пул маблағлари бўлган пластик карточкаларини нақд қилиб беришликни олдиндан ваъда қилиб, бунинг эвазига 10 фоизини ўзига олиб қолишликни айтиб, 1964 йилда туғилган Баҳодир Олтмишовнинг ҳисобида 3 770 000 сўм миқдоридаги, 1985 йилда туғилган Шодмон Шодиевдан ҳисобида 6 700 000 сўм миқдоридаги, 1949 йилда туғилган Шерали Қориевнинг ҳисобида 7000 000 сўм миқдоридаги пуллари бўлган пластик карточкаларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, пластик карточкаларнинг ҳисобида бўлган пул маблағларини ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.

Шундай қилиб, фуқаро Мастура Шахобиддинова жами 20 350 000 сўм миқдордаги пулларни алдаш, ўзгаларнинг ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзлаштиришга эришади.

Олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида бу фирибгарликларга чек қўйилди. Эндиликда Мастура Шаҳобиддинова содир этган хатти-ҳаракатлари учун қонун олдида жавоб беради.

Top