17:33 / 23.06.2017
15536

Нақд хорижий валютани яширин равишда олиб ўтмоқчи бўлган шахслар фош этилди

Бухоро вилояти божхона бошқармасининг “Олот” чегара божхона комплекси  ходимлари томонидан тамаки маҳсулотлари ва нақд хорижий валюталарни яширин равишда олиб ўтишга уринган шахслар тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Кун.uz’га Бухоро вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Қўшни давлат фуқароси Л.Ҳамраеванинг  қўл юклари  божхона назоратидан ўтказилганда, унда йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган, божхона ходимининг оғзаки сўраб-суриштириши давомида маълум қилинмаган 124 қути сигареталар яширилганлигини аниқланди. 

Божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилиш мақсадида ушбу тамаки маҳсулотлари сумканинг ички ён томонлари астари ичига яширилган экан. 

Унинг ҳамроҳи З.Аллашова ҳам худди шу усулни қўллаган ҳолда 116 қути сигареталарни яширин равишда олиб чиқаётган пайтда фош қилинди.

Амалдаги тартибларга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган чет эллик фуқароларга Ўзбекистонга кириб келиш вақтида божхонага тақдим этилган декларацияга мувофиқ республикага олиб кирган валютаси миқдоридаги нақд хорижий валютани божхона баённомасида ёзма қайд этиш шарти билан олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади.

Аммо, мазкур тартибларга риоя қилмай, республикамиздан нақд хорижий валюталарни яширин йўллар билан олиб чиқишга уринаётган  хорижий давлат фуқаролари ҳам учраб турибди.

Туркиялик  Я.Мустафа ўзи бошқараётган юк автотранспорти кабинасидаги ётоғининг тўшаклари орасида 1100 АҚШ доллари, унинг юртдоши  Г.Абдулкадир эса автотранспортнинг давлат рақами орқасига 1100 АҚШ доллари, Х.Харун эса автотранспорт салони ичига 500 АҚШ долларини  яширганча олиб чиқишга уринишгани аниқланди.

Ҳозирда мазкур холатлар юзасидан терговга қадар божхона суриштирув ва текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2017 йилнинг ўтган даври мобайнида  Бухоро вилояти божхоначилари томонидан аниқланган 26 та божхона қоидабузарликлари натижасида 13 минг АҚШ долларидан зиёд нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб чиқилишига чек қўйилди.

Top