Ўзбекистон | 23:14 / 10.04.2026
1069
2 дақиқада ўқилади

Президент Бухорода янги аэропорт қурилиши билан танишди

Лойиҳага кўра, янги аэропортда узунлиги 3,3 километр бўлган, барча турдаги ҳаво кемаларини қабул қилиш имконига эга учиш-қўниш йўлаги, шунингдек, соатига 1200 нафар йўловчига юқори даражада хизмат кўрсатиш қувватига эга аэровокзал мажмуаси қурилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Бухорога сафари чоғида 10 апрель куни шаҳарнинг янги аэропортини барпо этиш лойиҳаси билан танишди.

Қайд этилишича, давлат раҳбари 2024 йилда Бухоро вилоятига ташрифи давомида ҳудуднинг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш мақсадида янги халқаро аэропортни барпо этиш бўйича муҳим топшириқ берган эди.

Ушбу транспорт иншооти ҳамда унга туташ инфратузилмани барпо этиш учун шаҳар ташқарисидан жами 370 гектар ер майдони ажратилган. Лойиҳа доирасида аэропортга олиб борувчи автомобил йўли ҳам қурилмоқда. Унинг умумий узунлиги 23,8 километрни ташкил этиб, шундан 2,7 километри янги йўл, 21,1 километри эса реконструкция қилинади. Шунингдек, 2 та йўл ўтказгич, 9 та ер ости пиёдалар ўтиш жойи ва 8 та кўприк барпо этилиши назарда тутилган.

Лойиҳага кўра, янги аэропортда узунлиги 3,3 километр бўлган, барча турдаги ҳаво кемаларини қабул қилиш имконига эга учиш-қўниш йўлаги, шунингдек, соатига 1200 нафар йўловчига юқори даражада хизмат кўрсатиш қувватига эга аэровокзал мажмуаси қурилади.

– Биз Бухоро вилояти аҳолиси, шунингдек, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун замонавий ва қулай хизмат кўрсатадиган аэропорт барпо этишни мақсад қилганмиз. Шундай экан, ушбу аэропорт жаҳон стандартлари талабларига тўлиқ мос бўлиши шарт, – деди президент.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид