19:28 / 23.06.2017
35994

Оқ либосдаги “доғ”лар

Ёр-ёр садолари остида кириб келаётган келинга кўз илғабоқ барча одамларнинг назари тушади. Эшикдан гўзал келинлик либосини кийган келинчакни кўриб нақадар қувонасан киши. Аммо, айни шу либос хориждан божхона назоратини четлаб ўтиб, қинғир йўллар билан олиб кирилган бўлса-чи?  Қизларимиз ҳаётидаги энг бахтли дамларни айни шу қонунбузарлик ашёсини эгнига кийган ҳолда қаршилаётган бўлса-чи? Ҳаётнинг янги саҳифасига ана шундай ёлғон ва қинғирлик воситаси ҳамроҳлигида кириб бориш кишига оғир ботади, албатта, деб хабар бермоқда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси “Самарқанд Аэропорт” чегара божхона пости ходимлари томонидан фуқаро С.Олимовнинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) багаж ва қўл юклари кўздан кечирилганда, унинг юклари орасида йўловчи божхона декларациясида қайд қилинмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган 7 дона келинлар учун тўй либослари борлиги аниқланди.

Назорат-рентген аппаратида қиймати дастлабки маълумотларга кўра, 11 млн. сўмлик бежирим келин кўйлаклари қимматбаҳо тошлари-ю шода-шода марваридлари билан бор бўй-бастича намоён бўлди. Шунингдек, қонунбузар бу билан кифояланмай, 20 дона  ҳашаротларга қарши қўлланиладиган упаларни ҳам яширинча олиб кираётганлиги маълум бўлди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

Top