Ўзбекистон | 20:37
1422
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда туғилган тўрт оёқли чақалоқ мураккаб жарроҳлик амалиётидан ўтди

Мураккаб жарроҳлик амалиёти Самарқандда ўтказилди, қўшимча пастки тана ва оёқлар ампутация қилинди.

Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида дунёга келган тўрт оёқли чақалоқ Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида иккита мураккаб жарроҳлик амалиётидан ўтди. Бу ҳақда марказ раҳбарияти Kun.uz нашрига маълумот берди. Қайд қилинишича, болани яна бир нечта шундай мураккаб жарроҳлик амалиёти кутмоқда.

Таъкидланишича, бола 28 апрель куни Шерободда туғилган, эртаси куни Самарқандга юборилган. Унга кўп сонли туғма ривожланиш нуқсонлари, бирга қўшилиб кетган эгизаклар ва қўшимча пастки тана ва оёқлар комплекси ташхиси қўйилган. Оёқларнинг иккитаси калта, рудиментар шаклда ва ҳаракатсиз бўлган. Мураккаб жарроҳлик амалиёти давомида қўшимча пастки тана ва оёқлар ампутация қилинган.

Шифокорлар фикрига кўра, одатда бундай патология билан дунёга келган чақалоқларнинг яшаб кетиши қийин бўлади. Бироқ боланинг ҳаётини сақлаб қолиш учун барча имкониятлар ишга солинади.

Қайд қилинишича, аёл ҳомиласи 26 ва 36 ҳафталигида скрининг текширувидан ўтказилган. Аммо шифокорлар боланинг соғлом эканини, шунчаки киндиги ўралиб қолганини айтган. Тахминларга кўра, скрининг текширувини ўтказган ходим текширув давомида эътиборсизлик қилган бўлиши мумкин.

Айни пайтда чақалоқ янги ва мураккаб жарроҳлик амалиётларига тайёрланмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид