Жамият | 15:50 / 24.06.2017
22263
3 дақиқада ўқилади

Фотосаёҳат: Бекобод шаҳридаги болалар ёзни қандай ўтказишмоқда?

23 июнь куни Халқ таълими вазирлиги томонидан ОАВ вакиллари учун Тошкент вилояти Бекобод шаҳрига медиа-тур уюштирилди. Тадбир давомида журналистлар Бекобод шаҳридаги таълим муассасалари, “Баркамол авлод” маркази, болалар учун ташкил этилган ёзги тўгараклар фаолияти билан яқиндан танишишди. Кун.уз мухбири ҳам ушбу медиа-турда иштирок этиб, махсус фоторепортаж тайёрлади. 

Биринчи тур Бекобод шаҳридан жойлашган “Баркамол авлод” марказига уюштирилди. Ёзги таътил вақтида болалар бу ерда турли тўгаракларга аъзо бўлиб, вақтларини мазмунли ўтказаётгани ота-оналарни ҳам мамнун қилмоқда. 

“Бу марказда фарзандларим ўзлари учун қизиқ бўлган машғулотлар билан шуғулланишади. Шунингдек, тўгарак нархлари ҳам бизни қониқтиради. Устозлар ҳам болаларга астойдил билим беришади. Боламнинг ёзги таътили кўнгилдагидек ўтишидан хурсандман. Сабаби, бизнинг олисдаги оромгоҳлар ёки ўқув марказларга боришга имконимиз йўқ”, - дея қайд этди тўгарак иштирокчиларидан бирининг онаси.

Бу ерда спорт машғулотлари, тўқувчилик, тикувчилик, компьютер саводхонлиги, рақс, инглиз, рус тили ва бошқа тўгараклар, шунингдек, мактабгача бўлган тайёрлов курслари, қўғирчоқ театри томошалари ташкил этилган. Тўгарак учун белгиланган тўлов ҳақи ҳам қулай нархда – 7500 сўм.

Ота-оналар марказда гимнастика бўйича ҳам курслар ташкил этилиши ҳамда рақс бўйича турли танловларда қатнашадиган қизлар учун айрим ҳолларда либослар етишмаслиги сабабли бу масалада ёрдам берувчи ҳомий топилишини сўраб, мурожаат қилишди. 

Кейинги объект – Бекобод шаҳридаги 2-умумтаълим мактабида ташкил этилган ёзги оромгоҳ ҳам ўз ишини бошлаб юборган бўлиб, бу ерда ўқувчилар учун турли мусобақалар, спорт тўгараклари, қизиқарли машғулотлар ўтказиб келинади.  

Иқтидорли болалар мактаб ҳовлисида рассомчилик санъати билан шуғуланишади. Шунингдек, болалар учун махсус бассейн ҳам ўрнатилган. 

Бекобод шаҳридаги 16-умумтаълим мактаби ҳам ўзининг озодалиги, салқин табиати ва тартиб-интизоми билан бошқалардан ажралиб туради. Бу ерда ҳам болаларнинг ёзда ҳордиқ чиқариши ва мазмунли вақт ўтказиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.

“Ота-оналар билан мулоқот” хонаси эса мактаб ва ота-оналар ўртасида ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 

Маълумот ўрнида: Жорий йил Ўзбекистонда 1150та болалар ёзги оромгоҳи ташкил этилган бўлиб, шулардан 214таси стационар, 936таси кундузги оромгоҳлардир. Уларда 300 мингга яқин болалар дам олиши режалаштирилган. 

Оромгоҳларга бормайдиган болалар ёзда нима билан шуғулланади, деган савол ҳам туғилиши табиий. Айнан шу масаланинг ечими сифатида “Ёз концепцияси” ишлаб чиқилди. Унга кўра, оромгоҳлар ташкил этилмаган муассасаларда турли тўгараклар, “соғломлаштириш майдончалари”, китобхонлик машғулотлари ташкил этилади. Мазкур концепция жами 91253 нафар ўқувчини қамраб олади.

 

Мавзуга оид