Жамият | 00:18 / 25.06.2017
35367
2 дақиқада ўқилади

Яхши ният амалга ошди: Мухлисахон даволангани Ҳиндистонга жўнаб кетди (видео)

Амаллар ниятга боғлиқ. Ҳар ишнинг бошида дилда тугилган холис ният шу ишнинг хайрли якунига кафолатдир. Буни ҳаётнинг ўзи турли тақдирларда кўрсатиб қўяди. 

Кун.uz сайти орқали Тошкент вилояти, Зангиота тумани, Эшонгўзар қўрғони, “Дўстлик” МФЙ, Навбаҳор кўчасида истиқомат қилувчи Мухлиса Каримжонова ҳақида мақола эълон қилинган эди. Муборак Рамазон ойида бу қизчага ёрдам бермоқчи бўлган саховатли инсонлар ўз кўмагини аяшмади.

Шуни қувонч билан айтиш мумкинки, Мухлисанинг даволаниши учун зарур бўлган маблағ ортиғи билан жуда қисқа муддат ичида йиғилди. Бу ўзбек халқининг нақадар саховатпеша, инсонпарвар ва яхшилик илинувчи халқ эканлигига яна бир исбот бўлди. Бугун, 24 июнь куни Мухлиса онаси Феруза опа билан даволаниш мақсадида Ҳиндистонга йўл олди. Биз уларнинг таассуротлари билан қизиқдик.

“Мен халқимдан жуда ҳам миннатдорман”, дейди Феруза опа. - “Жуда қисқа вақт ичида қизим Мухлисага ҳам маънавий, ҳам моддий кўмак кўрсатилди. Миннатдорчилигимни сўз билан ифода этиб беролмайман. Сафар олдидан ниятим боламнинг операциялари яхши ўтсин, ёруғ юз билан она Ватанга қайтиш насиб этсин”.

Кўтаринки кайфиятини яшира олмаётган Мухлиса эса ёрдам қўлини чўзган инсонларга ўз раҳматини айтар экан, жумладан, шундай деди: “Уларга жуда катта раҳмат айтаман. Нимаики яхши ниятлари бўлса, барига етишиб юришсин”.

Аллоҳнинг шундай ваъдаси бор: бир эҳтиёжманд инсонга ёрдам қўлини чўзган кишининг икки дунёси саодатманд этилади, қилган амали минг ҳисса оширилиб, даргоҳида битиб қўйилади. Бу каби яхшиликларнинг мевасини шу дунёнинг ўзида олиниши айтилган. Бу хайрли ишга бош қўшган барчага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Яратгандан Мухлисахонга шифо сўраб қоламиз.

Мавзуга оид