«Чипта йўқ, лекин вагоннинг ярми бўш келди». Темирйўл вокзалидаги оворагарчилик
Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси Нариммат Юлдашев Тошкент-Урганч темирйўл йўналиши учун чипта сотиб олишдаги сарсонгардонлиги ҳақида сўз юритди, деб ёзади Kruz.uz.
Қуйида муаллифнинг ана шу пости ҳавола этилади.
«Барчага маълумки, йўловчи ташиш билан шуғулланиш арзон иш эмас, аммо мана шу монополист йўловчи ташиш билан шуғулланувчи ташкилотларда чипта сотиш билан шуғулланувчи кассирларнинг иш ҳақини сотган чиптасининг сони ва пул тушимига мутаносиб қилиб белгиланмас экан, чипта сотишдаги коррупция йўқ бўлмайди.
Мен аёлим билан Тошкентга даволаниш учун боргандим, даволаниш курси 10 кун, шифохонадан чиқишимизга 5 кун қолганида Тошкент темир йул вокзалида олдиндан чипта сотиш билан шуғулланувчи кассага бордим ва ички йўналиш бўйича чипта сотаётган 10-кассага навбатга турдим.
Навбатга туришим мобайнида ярим соатлардан кейин 11-кассанинг тушлик вақти тугаб, ёшгина қизча кассага кириб келди. Мен ўзимнинг ва аёлимнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни кассир қизга узатиб, менга 24 ёки 25 июнга Урганчга 2та купенинг пастки ўриндиқлари учун чипта беришини сўрадим. Кассир ҳужжатларга бир назар солиб, «сиз қорақалпоғистонлик экансиз, шунинг учун Урганчга чипта бера олмайман - Қорақалпоғистонга борадиган поездларгагина чипта олишингиз мумкин», деди. Мен ўзимга Урганч қулайлиги, Урганч 21 км, Нукус 130 км эканини айтиб, менга Урганчга чипта сотишини талаб қилдим. У эса «Энди сиз билан гаплашмайман - боринг бошқа кассаларга», деб ҳужжатларимни олдимга ташлади.
Кейин кассалар бўйича навбатчи смена бошлиғини қидирдим, у йўқ экан, бироздан кейин кассирлар тарафдаги эшик очилиб, баланд бўйли, ёш бўлишига қарамай тепа сочи тўкила бошлаган йирик гавдали, темирйўлчилар формасини кийган йигит чиқиб келди. Мен унга «Кассалар бўйича смена бошлиғи ким?» деган саволимга «Мен», деб жавоб берди.
Унга вазиятни тушунтирдим. Ўзимнинг чернобилчи 2-гуруҳ ногиронлигим ва аёлим диабетик эканлиги айтиб, бизга купе вагонида пастки жойлардан 2та чипта кераклиги ҳамда 11-кассадаги кассирнинг ҳаракатларидан норозилигимни билдирдим.
Бу ходим эса ўша кассир қиз «…ебди» сизга билет сотишга мажбур, боринг, смена бошлиғи айтди денг», деб ўзи кимлар учундир телефондан Россияга чипта топиб бериш ва бу чипталар қанчага тушиши ҳақида тушунтириш билан овора бўлиб кетди.
Мен олдин ярим соат навбат кутганим, 11-кассага яна ярим соатдан кейин смена бошлиғини айтганлардан дадиллашиб келдим. Аммо 11-кассада ўтирган қизча ҳам анойилардан эмасга ўхшайди. Менинг «смена бошлиғи жўнатди, менга Урганчга 2 та чипта купейни вагонга беринг» деган гапимга «Ўша смена бошлиғининг ўзи берсин чиптани, мен сизга чипта сотмайман» деди.
Кейин мен ўша ердаги одамлардан темир йўл кассалари раҳбарлари ўтирадиган жойни аниқлаб, кассаларнинг кун чиқар тарафидаги иморатга кириб борсам, пастда 1 қаватда ўтирган навбатчи ходим соат 13:00 бўлгани ва барча ходимлар ва раҳбарлар тушликка кетганлиги сабаб, соат 14:00да келишим кераклигини айтди.
Шу атрофда 1 соатча вақт айланиб юриб, соат 14:00дан ўтиб, яна бордим ўша идорага. Навбатчи мени кўриши билан 4-қаватда Суръат деган одамга мурожаат қилишим мумкинлигини айтиб, ичкарига киритиб юборди. Суръат деган йигитни 4-қаватдан топиб, сўз бошлаган эдим, муддаомни тушуниб, қачон ва қаерга чипта кераклигини сўради. Мен 24-25 июнь кунларига Урганчга 2та чипта кераклигини айтдим ва «у кунларга иложи йўқ, лекин 26 июнга 2 та чипта қилиб бериши мумкинлигини» ҳақида жавоб олдим. У телефондан кимгадир қўнғироқ қилиб, менга 26 июнга 2та чипта сотишни тайинлади ва менга кассадаги 1-сонли брон кассасига боришимни сўради.
Мен пастга тушиб, 1-кассада ўтирган аёлга «мен тўғримда ҳозир сизга қўнғироқ қилишди, менга Урганчга иккита чипта беринг», деб ҳужжатларимни узатсам, у менга ҳужжатларимни қайтариб бериб, «ҳеч қандай қўнғироқ бўлгани йўқ, Урганчга умуман чипта йўқ» деди.
Мен яна Суръатнинг олдига чиқишга мажбур бўлдим. У кассирга: «Мен сизга ҳозиргина қўнғироқ қилдим, нега одамларни овора қилаверасизлар», деб қаттиқроқ гапирганидан кейин - ҳалиги кассир аёлнинг «сиз айтган одам олдимга келмади, келса дарров бервораман», деган овози эшитилди.
Шундан кейин Суръат «боринг ҳозир сизга билет беради», деганидан кейин яна пастга тушиб, ўша 1-брон кассасига бордим. 2 та чипта олдим, лекин бир жой пастдан, бир жой юқоридан берилди. «Иложи бўлса иккаласини ҳам пастки жойдан», деган илтимосимга – «Ҳеч ҳам иложи йўқ» деган жавоб қайтарилди.
Ана энди кутилган 26 июнь соат 19-30да Тошкент - Шовот поездига одамлар чиқа бошлади, соат 20:20 да поезд йўлга тушди.
Сизга ёлғон, менга чин, не кўз билан кўрайки, биз чиққан 6-вагонга бор-йўғи 10 нафар одам чипта билан чиқди. Йўлда чиққанлар билан вагондаги 36 ўринда кўпи билан 18 та ўрин банд бўлди, қолган тенг ярми Урганчгача бўш келди.
Биз чиққан 1-купеда биз эр-хотиндан бошқа биронта ҳам одам Урганчгача чиқмади.
Юқорида бўлиб ўтганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон темир йўллари компанияси таркибида ишловчи кассирлар, булар ўзлари ишлаётган компаниянинг ривожи учун ишлашаяптими ёки кимлар тарафидан ёлланган душманларми? Негаки, кейинги пайтда бирорта йирик компания ёки корхонани арзон гаровга сотиб олиш учун, олдин ўша корхонани банкрот, яъни инқирозга учратиб, кейин арзон гаровга сотиб олинади, деган сўз тез-тез ишлатилмокда.
Президентимиз ва ҳукуматимиз халқ фаровонлигини таъминлаш йўлида қанчадан-қанча ҳаракатлар қилаётган бир пайтда бу каби кўринишлар ва ҳаракатларни фақат душманларгина қилиши мумкин».
Мавзуга оид
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
18:04 / 18.11.2024
Урганч шаҳрига 50 та замонавий автобус келтирилди
10:31 / 15.11.2024
Урганч ва А380 трассаси ўртасидаги 81 км йўл реконструкция қилинади
21:21 / 13.11.2024