Жамият | 09:29 / 29.06.2017
93528
7 дақиқада ўқилади

Марказий Осиёдаги йўқ бўлишга юз тутган 15 та тил (фото)

ЮНЕСКО томонидан ўтган ҳафтада чоп этилган «Йўқолиш хавфи остида турган дунё тиллари атласи»га кўра, Марказий Осиёдаги 15 та қадимий нодир тил йўқлик қаърига сингиб кетиши мумкин. Йўқолаётган тилларнинг аксарияти Тожикистонга, унинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятига тўғри келмоқда, деб ёзади Тожикистоннинг Asia plus медиа гуруҳи. 

AP минтақадаги камчилик фойдаланадиган ўша нодир тиллар Марказий Осиёнинг қайси ҳудудларида сўзлашиб келинганини аниқлашга бел боғлади.

ЮНЕСКО томонидан тайёрланган «Йўқолиш хавфи остида турган дунё тиллари атласи»нинг янгиланган намунасида дунё тилларининг учдан бир қисми йўқолиш арафасида тургани қайд этилади. Ҳозирда мавжуд 6,9 минг тилдан 2,5 мингтасида одамлар яқин келажакда мутлақо сўзлашмай қўйишлари мумкин экан.

Марказий Осиёда йўқолаётган тилларнинг катта қисми Тожикистонга тўғри келмоқда, булар асосан — расмий статус ва имлога эга бўлмаган Помир тилларидир. Гарчи улар икки минг йиллардан буён мавжуд бўлса-да, авлоддан авлодга фақат оғзаки кўринишда ўтиб келган.

1. Ойрот тили (Қирғизистон)

«Аниқ хавф остида» тоифасига киритилган. Қирғизистонда бу тилда Иссиқкўл вилоятида яшовчи сарт-қалмиқлар ва ойрот-қалмиқларнинг диаспораси гаплашади. Келиб чиқишига кўра, сарт-қалмиқлар ғарбий мўғулларнинг олёт қабиласи авлоди ҳисобланади. 

2. Дунган тили (Қирғизистон, Қозоғистон)

«Аниқ хавф остида» тоифасига киритилган. Қирғизистоннинг шимоли-шарқидаги текисликларда — Чуй ва Иссиқкўл вилоятларида истиқомат қилувчи дунганлар гаплашишади. Жанубда дунганлар Ўш вилоятининг Таширов қишлоғида яшашади. Қозоғистонда дунганларнинг 85 фоизи Жамбул вилоятида яшайди. Олмаота ва Тарозда ҳам дунганларнинг йирик диаспораси бор.

3. Трухман тили (Туркманистон)

«Аниқ хавф остида» тоифасига киритилган. Бу тилда туркманларнинг чоудор, иғдир ва суюнажи уруғларидан ажраб чиқиб, Қозоғистоннинг Манғистау вилоятидаги Манғишлақ ярим оролида яшовчилар сўзлашишади. Улар Россиянинг Ставрополь ўлкасида ҳам бор. Трухман тили туркман тилининг шеваларидан бири ҳисобланади.

4. Бухоро тили (Ўзбекистон)

«Аниқ хавф остида» тоифасига киритилган. Ўзбекистонда Бухоро яҳудийлари бу тилда сўзлашишади. Тил Самарқанд-Бухоро форсий тилининг бухороча-яҳудийча лаҳжаси ёки тожик тилининг яҳудийча лаҳжасидан иборат. Ғарб давлатларидаги Бухоро яҳудийларининг янги авлоди бу лаҳжани унутишмоқда.

5. Марказий Осиё араб тили (Ўзбекистон, Тожикистон)

«Аниқ хавф остида» тоифасига киритилган. Ўзбекистонда бу тилдан яқин-яқингача Бухоро, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида қўним топган марказий осиёлик араблар сўзлашишган. Тожикистоннинг ҳам жанубида араб қишлоқлари мавжуд. Улар сўзлашадиган тил араб тилининг маълум бир топологик гуруҳчасига мансуб.

6. Парё тили (Ўзбекистон, Тожикистон)

«Аниқ хавф остида» тоифасига киритилган бу тилда ҳозирча кекса чоллар ва кампирларгина сўзлашишади. Ўзбекистонда бу тил Сурхондарё вилоятида яшовчи марказий осиёлик лўлиларнинг муомала тили ҳисобланади. Улар Тожикистонда ҳам жанубий вилоят — Хатлонда истиқомат қилишади. Парё — ҳинд-орий тили бўлиб, ҳиндий ва замонавий лўлилар тилининг оралиғидаги тил ҳисобланади.

7. Вохон тили (Тожикистон)

«Аниқ хавф остида» тоифасига киритилган. Тожикистонда бу тилда вохонликлар — Помир халқларидан бири сўзлашади. Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги чегарада, Панж дарёсининг юқори оқими (тарихий Вохон вилояти)да маиший сўзлашув тили ҳисобланади. Вохон тили Шарқий Эрон тиллари гуруҳида алоҳида ўринга эга ва Помир тилларининг ҳудудий бирлашмасига киради.

8. Ишкошим тили (Тожикистон)

«Жиддий хавф остида» тоифасига мансуб — бу тилда кекса чолу кампирларгина сўзлашишади; ота-оналар тилни тушунишса-да, ундан фойдаланишмайди, болалар умуман тушунишмайди. Тожикистонда бу тилда Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Ишкошим ноҳиясидаги бир неча қишлоқ аҳолиси сўзлашади. Ишкошим тилида сўзловчиларнинг катта қисми Рин ва Юқори Рин қишлоқларида тўпланган. Бу тилда сўзлашувчиларнинг умумий сони 400–500 киши атрофида. Ишкошим тилига топологик жиҳатдан энг яқин тил вохон тили ҳисобланади.

9. Санглич тили (Тожикистон)

«Жиддий хавф остида» тоифасига мансуб — бу тилда кекса чолу кампирларгина сўзлашишади; ота-оналар тилни тушунишса-да, ундан фойдаланишмайди, болалар умуман тушунишмайди. Санглич тили ишкошим тилига яқин, у Санглич водийсида тарқалган, Эрон тилларининг лаҳжаси ҳисобланади.

10. Рошорв тили (Тожикистон)

«Жиддий хавф остида» тоифасига мансуб. Бу тилда Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги помирлик халқлардан бири бартангларнинг локал этник гуруҳи орошорлар сўзлашишади. Улар Рушон ноҳиясидаги Бартанг дарёси соҳилидаги Рошорв (эски ёзилиши — Орошор) қишлоғида яшашади. Рошорв (орошор) тили бартанг тилига жуда яқин ёки унинг лаҳжаларидан бири ҳисобланади.

11. Шуғнон тили (Тожикистон)

«Заиф» тоифасига мансуб — болалар гарчи бу тилдан фойдаланишса-да, ундан фойдаланишда чекланишган. Тожикистонда бу тилдан Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Шуғнон, Рушон ва Мурғоб ноҳияларидаги аҳоли фойдаланади. Эрон тилларининг шарқий эрон гуруҳига мансуб.

12. Бартанг тили (Тожикистон)

«Жиддий хавф остида» тоифасига мансуб — бу тилда қария чолу кампирларгина сўзлашишади; ота-оналар тилни тушунишса-да, ундан фойдаланишмайди, болалар умуман тушунмайди. Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг Бартанг дарёси водийсида истиқомат қилувчи аҳоли сўзлашади. Емцдан тортиб Никбист қишлоғигача кенг тарқалган помир тилларидан бири.

13. Рушон тили (Тожикистон)

«Аниқ хавф остида» тоифасига киритилган бу тилдан болалар уйида ҳам ортиқ она тили сифатида фойдаланишмаяпти. Помирнинг жануби-шарқий қисмидаги аҳоли бу тилда сўзлашади. Шуғнон тилига энг яқин тил ҳисобланади.

14. Язғулом тили (Тожикистон)

«Жиддий хавф остида» тоифасига мансуб — бу тилда қария чолу кампирларгина сўзлашишади; ота-оналар тилни тушунишса-да, ундан фойдаланишмайди, болалар умуман тушунишмайди. Ғарбий Бадахшондаги Язғулом водийсида истиқомат қилувчи аҳолининг сўзлашув тили ҳисобланади. Баъзи бир тилчилар язғулом тили ва шуғнон-рушон тиллари оиласида боғлиқлик топишган.

15. Яғноб тили (Тожикистон)

«Аниқ хавф остида» тоифасига киритилган бу тилда болалар уйида ҳам ортиқ она тили сифатида фойдаланишмаяпти. Тожикистондаги Яғноб дарёси водийисда истиқомат қилувчи аҳоли сўзлашадиган тил. Қадимий сўғд тилининг давомчиси ҳисобланади. Эрон тилларининг шимолий-шарқий гуруҳига мансуб. Эрон тилларининг бу тирагининг бошқа бир ягона тирик вакили — осетин тили ҳисобланади. 

Мавзуга оид