14:50 / 04.07.2017
49003

Озодбек Назарбеков «Ёшлар»га раҳбар: ижтимоий тармоқларда реакция қандай?

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Озодбек Назарбеков «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракат (эндиликда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи) қурултойида «Ёшлар» телеканали раҳбари этиб тайинлангани эълон қилингач, бу кутилмаган ва шов-шувли янгилик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида жуда кенг муҳокама этилди.

Албатта, бу қарорни олқишламаганлар ҳам, унга қарши фикр билдирганлар ҳам талайгина. Биз улардан иқтибос келтириб ўтирмадик, чунки мухтасар қилиб айтганда, уларнинг бош эътирози журналистика соҳаси раҳбарлигини артистга, санъаткорга ишониб топшириб бўлмаслиги хусусида бўлди.

Масалан, фойдаланувчилардан Раъно Ҳасанова шундай ёзади:

«Мен бир нимани тушунмайман: нега энди Озодбек? Наҳотки телевидениеда ишловчи мутахассислар, кадрлар етишмаса? Жуда раҳбар топишолмаса, таниқли халқ артистларидан раҳбар тайинлашнинг иложи йўқмиди? Қўшиқчидан кўра, актёр яхшироқмиди, дейман-да. Жуда ахлоқли, одобли, салобатли актёрларимиз бор-ку?! Масалан, Ҳошим Арслонов, Мурод Ражабов, Лутфулла Саъдуллаев, Ёдгор Саъдиев ва ҳоказо. Балким ўша актёрларимиз янгилик қилишармиди. Сўнгги пайтларда телевизорда қизиқарли нарсалар берилмаяпти. Эрталабдан кечгача фақат гап...»

Ушбу қарорни қўллаб-қувватлаётганлар, Озодбек Назарбековнинг эркин ижодкор эканлиги, ёшлар билан муомала қилишни жуда яхши билиши, ундан ажойиб раҳбар чиқишига ишонч билан қараётганлар ҳам бор, албатта. Улар гапига далил сифатида касби санъаткор бўлган президентлар ва бошқа мутахассисликни эгаллаб ТВ соҳасида шуҳрат қозонган раҳбарларни тилга олишмоқда.

Дилшод Исломов бу борада ўз фикрини қуйидагича баён этган:

«Албатта, «Ёшлар» телеканалига Ўзбекистон халқ артисти, халқимизнинг севимли санъаткори Озодбек Назарбековнинг раҳбар этиб тайинланишига ҳар хил муносабатлар билдирилаяпти. Раҳбариятнинг бу қарорга келишининг асосли сабаблари бўлиши табиий. Тўғри, Озодбек ТВ ҳақида мукаммал билим, тажрибага эга бўлмаслиги мумкин. Бироқ, салоҳияти ҳақида олдиндан ноўрин гапириб бўлмайди. Балки, «Ёшлар» канали у кишининг раҳбарлиги остида жуда ривожланиб кетар. Билганимиз, эл-юрт олдида етарли обрў-эътиборга эга, шунча йилдан буён қўшиқчилик борасида қирол бўлиб келаётган бўлса-да, айрим санъаткорларга ўхшаб оёғи ердан узилиб, гердайиб кетгани йўқ. Катта шуҳрат, маънавий ва моддий бойликка эга бўлса-да одамгарчиликни, камтарликни унутгани йўқ.

Қолаверса, ОАВ шундай соҳа эканки, ишга кириш, лавозимга тайинланиш учун аниқ мутахассислик дипломи талаб этилмаскан. Қобилият, ўқув бўлса бўлгани. "Селхоз"ни чорвачилик йўналиши бўйича тугатмайсизми, диплом бўлса бўлди, ишлайверасиз, керак бўлса бош муҳаррир бўлиб. Шу учун ҳам ОАВ соҳасида журналист мутахассислигига эга кадрлар қаторида дўхтирларни ҳам, чорвадорларни ҳам, ҳарбийларни ҳам, хуллас, ҳар соҳа вакилларини учратиш мумкин. Масалан, Россиянинг «Первий канал»и. Умуман, Россия ТВсини Коснтантин Эрнстсиз тасаввур қилиш жуда қийин. Унинг ҳам аслида мутахассислиги ОАВ учун буткул бегона. Адашмасам, мутахассислик бўйича биологми, қуртшуносми, хуллас, шунақа. Лекин унинг кучли медиаменежер, продюсер ва ноёб телелойиҳалар муаллифи эканини ҳеч ким инкор этолмайди».

Шоир Абдулазиз Муборак шундай ёзади:

«Мен Озодбек Назарбековни «Ёшлар» телеканалига бошлиқ бўлганининг яхши томонларини кўрдим.

Биринчидан, Озодбекда журналистлар каби ички цензура йўқ. Иккинчидан, у шахсан президент назарида бўлгани учун канал ичида ислоҳотларга бемалол қўл уришдан чўчимайди.

Энди ҳамма гап телеканал журналистларида қолди. Дарвоқе, директор бўлиши фақат журналистларга эмас. Фаросат бўлса, бас. Озодбек яхши инсон, энди яхши раҳбар ҳам бўлсин. Мен омад тилайман. Ҳаммаси яхшиликка».

Шоир Ботиржон Эргашев бу борада ўз фикрларини кенгроқ қилиб билдирган:

«Буни хушхабар сифатида қабул қилганлар ҳам бўлди, «манга фарқи йўқ», деб парво қилмаганлар ҳам бўлди, бу хабардан худди қиёмат қўпганидек «шайтонлаб» қолганлар ҳам бўлди. 

Бунга зиғирча қарши эмасмиз. Ҳар қандай воқеъликни ҳар ким ўзича қабул қилади ва ўзидан келиб чиқиб муносабат билдиради. 

Мен президентнинг бу қарорига қўшиламан. Шавкат Миромонович кимдан қаерда фойдаланишни, ким қаерда элу юртга кўпроқ наф келтиришини яхши-ёмон фикр юритаётган сизу биздан кўра яхшироқ билади. Албатта, «йўқ, мен бу масалани президентдан яхшироқ биламан», дейдиганлар ҳам топилади. Ким ҳақлигини эса вақт кўрсатади. 

Собиқ иттифоқ вақтида, яъни юртимизнинг, миллатимизнинг бошида мустабид тузум қилич ўйнатиб турган маҳалларда Усмон Юсупов, Йўлдош Охунбобоев, Шароф Рашидов, Иномжон Усмонхўжаев, Рафиқ Нишонов каби турфа соҳа вакиллари бўлган шахслар мамлакатимизга раҳбарлик қилишди. Улар раҳбарлик қилган йилларни бир-бирига солиштирадиган бўлсак, Ўзбекистон, ҳеч шубҳасиз, Шароф Рашидов даврида яхши маънодаги катта ўзгаришларни бошидан кечирди. Шароф Рашидов сиёсатчи эмасди. У адабиёт намоёндаси эди. Аммо ижодкор бўлишига қарамай, шафқатсиз тузумнинг раҳнамолари билан тил топишиб, юртимизда катта бунёдкорликларга, кўплаб ютуқларга эришишимизга сабабчи бўлган.

Сал кам уч асрлик мустақиллик даврига эга бўлган Америка Вашингтон, Форд, Буш каби жуда атоқли президентлар рўйхати орасида Рональд Рейган давридагидай эзгу ишларни кўп қилган эмас. Рейган дунё ҳамжамияти билан унгача ва ундан кейин бўлган президентларга қараганда яхши маънода кўпроқ наф келтирган. Ҳолбуки, у сиёсатчи эмас, санъаткор эди. 

Тарихдан бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. 

Озодбекнинг телеканалга раҳбар бўлганидан қайғуга ботаётган ҳурматли юртдош, миллатдош, диндошларим. Хотиржам бўлинг, санъаткор Америкадай мамлакатни бошқарибдими, адиб Ўзбекистонни мустамлака ҳолида бошқаришни эплабдими, демак халқ артистимизнинг «Ёшлар» каналини равнақ топтиришига ҳам ишонинг! 

Бу тақдир, бу ҳаёт. Эпласа «қойил» деймиз ва унга хайрихоҳ бўламиз. Мабодо эплолмаса, вилоят ёки туманда ўз соҳасини ривожлантиришни уддалай олмагач, ишдан олинган ҳокимлардай вазифасидан олинади — бўлди. Бу билан осмон узилиб, ерга тушмайди. 

Президент шуни истади. Демак худо шундай қилиши кераклигини юрт эгасининг кўнглига солди. Ҳеч бир иш Аллоҳнинг ҳукмисиз амалга ошмайди. Шу сабабдан ҳар-хил фитна-фасодларни бас қилиб, кузатишда давом этайлик. Озодбек Назарбековнинг раҳбарлиги ёқадими-ёқмайдими, энди фидоийлик намунасини кўрсатинг ва унинг ишларига Яратгандан ривож тиланг. Ахир унинг ишининг ривожи мамлакатимиз ривожи эмасми? 

Ман Озодбек Назарбековни ўзимни қандай билсам, шундай биламан. Бироқ, мен ҳам эртага қандай иш олиб боради: яхшими-ёмонми, билмайман. Аммо шуни аниқ-тиниқ, кафолат бериб айта оламанки, айни каналдаги коррупция тугатилади. Бу кафолатни мен Озодбек Назарбековнинг ҳалол-ҳаромга жуда катта эътибори туфайли бера оламан. 

Бу шоир ўзи ҳамкорлик қиладиган хонандани «кўтар-кўтар» қилади-да, деган хаёлга борманг. Аслида, мен унинг раҳбарлигиданмас, янги қўшиқлар қилиб, халқимизнинг тўйларида хизмат қилиб, концертлар беришидан кўпроқ манфаатдорман. Лекин унга шу вазифа ишониб топширилдими, ишонч билдираман ва имконим борича ёрдамимни аямайман. Агар ёрдамим тегмаса, ҳеч бўлмаса, зараримни юқтирмайман. 

Қадрли ватандошлар!

Биламан, ҳаммангиз эртамиз учун куйиб-пишяпсиз. Келинглар, шу куюнчакликка дуоларимизни ҳам қўшамиз. Бизга нима фарқи бор қайси соҳа вакили қаерга раҳбар бўлишининг? Асосийси тараққиёт-ку, тўғрими? Илоҳим, давлатимиз раҳбарининг, барча соҳанинг бошидагиларнинг қилаётган эзгу ишлари, ўринли қарорларига Аллоҳ барака ато этсин. Шу жумладан, Озодбек Назарбековнинг ҳам астойдил киришган янги ишига Яратгандан юксалиш ва равнақ тилаймиз. Юртимизда ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Мана шу ёшларимизнинг овози бўлган «Ёшлар» телеканалларнинг ичида энг зўри бўп кетсин. Омин!»

«Миллион» қизиқчилар жамоаси ижодий раҳбари Даврон Кабулов киноя билан шундай ёзади: 

«Озодбек Назарбеков «Ёшлар» ТРК директори лавозимига тўғри келмас экан. Ишқилиб, ўзингиз ҳозирги лавозимингизга тўғри келасизми?»

Алишер Аҳмедов шундай фикр билдирган:

«Озодбек Назарбеков ўта қатъиятли, соғлом фикрли ва бирор вазифага масъулият билан, чуқур ёндашадиган, халқ ташвишини ўзиники, деб қарайдиган ижодкор. Бу инсонни яқиндан таниганим учун ўз фикримни билдиришни лозим топдим. Озодбекни дину диёнатли ва ҳаром-ҳаришдан ҳазар қиладиган инсон сифатида жуда ҳурмат қиламан. Қўшиқчилар бор, Дубайда дам олиб, тараллабедод этиб, барларда, тунги клубларда ичиб-чекиб юришади, қўшиқчилар бор, Дубайга келиб, меҳмонхонадан чиқмай, Бобур ҳақида китобларни берилиб ўқиб, ўз устида ишлайди. Бунга шахсан ўзим гувоҳ бўлганман. Озодбек акани ўз ишининг устаси ва баъзи одамлар айтгандай кибрли эмас, балки камтар ва ҳокисор инсон сифатида кашф қилганман. Унга Аллоҳдан куч-қувват, бошлаган ишлари хайрли бўлишини тилаб қоламан. Худони таниган одамлардан фақат яхши ва хайрли амаллар чиқади. Бунга ишонаман». 

Шермуҳаммад Акбаров:

«Шунча вақт, тележурналистлар нима арзирли кўрсатув тайёрлашди? Ҳаммаси Россия ТВ ларидан нуқтама-нуқта кўчирилган кўрсатувлар тайёрлаш билан банд бўлишди. Энг асосийси, телевидение моддий базаси ривожлантирилмади. Натижада, хар уч дақиқада бир хил реклама ролиги кўришга маҳкум этилдик.

Озодбек раҳбар бўлгани учун, телевидениега пул топишни бошқача усулини топади. Унинг раҳбар бўлганини ижобий баҳоладим».

Top