17:54 / 05.07.2017
6974

Ўзбекистон делегацияси Иссиқкўлда бўлди

4 июль куни «Ўзбекистон ҳаво йўллари»  миллий авиакомпаниясининг «Тошкент-Томчи-Тошкент» йўналиши бўйлаб биринчи мавсумий чартер рейсининг амалга оширилишида иштирок этган Ўзбекистон делегацияси Қирғизистон Республикасининг Иссиқкўл вилоятига ташриф буюрди.

ТИВ матбуот хизмати берган хабарга кўра, Томчи шаҳрига ташриф доирасида Қирғизистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Динара Кемелова бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Кемелова алоҳида таъкидладики, «Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва янада мустаҳкамлаш Қирғизистон Республикаси ташқи сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Ушбу ёндашув сўнгги вақтларда бўлиб ўтган барча юқори ва олий даражалардаги, жумладан Андижон, Фарғона, Жалолобод, Ўш шаҳарларида чегарадош вилоятлар вакиллари ўртасидаги учрашувлар мобайнида яққол намоён бўлди».

Қайд этилганидек, икки томон муносабатларининг бугунги кунда эришилган даражаси 2016 йил 24 декабрда Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари ўртасида бўлиб ўтган учрашувнинг натижаси ҳисобланади. Мазкур учрашув икки қўшни давлат ва халқларнинг янада фаровонлигини учун қалин алоқа ва ўзаро ёрдам муносабатларига янгича тус берди.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Қирғизистон Савдо-саноат палатасининг катта вице-президенти Амангелди Давлетов ва маданият, ахборот ва туризм вазири ўринбосари Азамат Жаманқулов билан музокаралар ўтказди. Музокаларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг аниқ йўналишлари муҳокама қилинди.

Иссиқкўлга Ўзбекистондан илк самолёт учиб борди

Top