Ўзбекистон | 10:47 / 07.11.2024
4853
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдан Иссиқкўлга поезд 2025 йилдан қатнай бошлайди

Ўзбекистон ва Қирғизистон 2025 йил ёзида «Тошкент-Балиқчи (Рибаче)» йўналишида туристик поездлар қатновини йўлга қўйишга келишиб олдилар. Бу Иссиқкўл йўналишида сайёҳлар оқимини ошириш имконини беради.

Фото: Ўзбекистон темирйўллари

Ўзбекистон ва Қирғизистон темирйўл маъмуриятлари ўртасида ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар темирйўл транспорти бўйича кенгашнинг 81-йиғилиши доирасида  «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ бошқарув раиси З.Нарзуллаев ва «Қирғиз темирйўли» давлат корхонаси раҳбари А.Сакиев ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида юк ташиш ҳажмларини ошириш ва тариф чегирмаларини қўллаш масалалари бўйича музокаралар олиб борилди. 

Шунингдек, икки давлат ўртасида асосий юклар — кўмир, цемент ва бошқа маҳсулотларни ташишда «Темирйўлкарго» АЖ юк вагон паркларидан фойдаланиш ҳамда тарози хўжалиги объектларини таъмирлаш масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар, шунингдек, 2025 йил ёзида «Тошкент-Балиқчи (Рибаче)» йўналишида туристик поездлар қатновини йўлга қўйишга келишиб олдилар. Бу йўналиш икки мамлакат ўртасида туризм алоқаларини ривожлантиришда муҳим қадам бўлади ҳамда Иссиқкўл йўналишида сайёҳлар оқимини ошириш имконини беради.

Бундан ташқари, Қирғизистон темирйўл ходимларини «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ марказларида малакасини ошириш масаласи ҳам муҳокама қилинди ва ушбу йўналишда ўқув дастурларини ташкил этишга келишилди.

Мавзуга оид