18:15 / 07.07.2017
16499

Путиннинг танқидчиси Навальний озодликка чиқди

Фото: Ведомости

Россиялик мухолифатчи, Коррупцияга қарши курашиш фонди раҳбари Алексей Навальний 25 суткалик қамоқ жазосини ўтаб, озодликка чиқди.

«Бугун Алексей Навальний Москвадаги махсус сақлаш жойидан қўйиб юборилди», дейилган «Интерфакс» хабарида.

Ўтган ой бошида суд уни рухсат олинмаган норозилик намойишини ташкил этишда айбдор деб топганди. Навальний бундан аввал ҳам шу каби ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жавобгарликка тортилганди.

Навальний 13 июнь куни Россия Федерацияси Маъмурий ҳуқуқбузарликлар кодекси 20.2-моддаси 8-қисми (митинг ташкил этиш ёки уни ўтказишнинг белгиланган тартибини такроран бузиш) бўйича айбдор деб топилган ва 30 кунга қамалганди. Кейинроқ, 16 июнь куни Москва шаҳар суди унга белгиланган жазо муддатини 5 суткага қисқартирди.

11 июнь куни Навальний Москва шаҳридаги Академик Сахаров проспектида ўтказилиши режалаштирилган акцияни бекор қилган ва тарафдорларини ҳукумат билан келишмаган ҳолда Россия куни байрами нишонланаётган Тверская кўчасига чақирганди.

Навальнийнинг тарафдорлари шанба куни сиёсатчини қўллаб-қувватлаб, бир қатор тадбирлар уюштиришни режалаштиришган, жумладан, унинг илк сайловолди газетаси чиқарилади.

Тергов ходимлари ҳафта бошида Навальнийнинг Москвадаги штабида тинтувлар ўтказишган, полициячилар омборхонага ҳам кирган, фаолларнинг сўзларига кўра, улардан сайловолди варақалари тортиб олинган.

Навальнийнинг сафдоши бўлмиш Леонид Волковнинг айтишича, полиция рейдлари кейинги кунларда мамлакатнинг бошқа шаҳарларидаги штабларда ҳам давом этган.

Top