Спорт | 15:30 / 14.07.2017
12000
3 дақиқада ўқилади

Наманган шаҳри ҳокими «Навбаҳор» президенти этиб тайинланди

Наманган вилоятининг «Навбаҳор» клубига янги президент тайинланди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

Вилоят ҳокимлигида йиғилиш ўтказилган бўлиб, унда клуб аъзоларидан ташқари, жамоани молиялаштириб турувчи ҳомий ташкилотлар ҳам иштирок этган. Мана шу мажлисда Сенат аъзоси, Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров Наманган шаҳри ҳокими Шавкат Абдураззоқовни «Навбаҳор» клубининг янги президенти сифатида таништирди. Вилоят ҳокимининг ўзи бир вақтда вилоят футбол федерацияси президенти ҳам ҳисобланади.

«Майдонда футболчилар чиройли ва мазмунли ўйин намойиш этиши лозим. Рақиб дарвозасига битта гол уриб, ютуқни ушлаб қолиш мақсадида ҳаракат қилишни нотўғри деб биламан. Чиройли ўйин орқали ғалаба сари интилиш ўйингоҳни тўлдириб ўтирган мухлисларга қувонч бахш этади.

Биринчи давра жамоа анча кам гол урди. Тажрибали футболчилар майдонда етакчиликни қўлга олиб, жамоанинг муносиб тўп суришини таъминлаши лозим. Олдин клубга бўлган эътибор у қадар кучли эмасди. Бу йил вазият ўзгарди. Ҳомийларимиз «Навбаҳор»га ёрдам бериб келмоқда. Бунинг учун уларга катта раҳмат! Чунки футболда моддий таъминот муҳим.

Ўзбек футболига хорижий инвесторлар кириб келаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Вақти келиб «Навбаҳор»га ҳам хориждан ҳомийлар топилар… Ҳозирча маҳаллий ҳомийлар кўмагида жамоани кўтаришга ҳаракат қиламиз. Бунга жавобан футболчилар майдонда муносиб ўйин кўрсатиб, билдирилган ишончни оқлаши керак. 2-даврада «Навбаҳор»га омад ёр бўлсин!», деган вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров.

«Навбаҳор» бош мураббийи Илҳом Мўминжонов ўз ишида қолган.

Маълумот учун, «Навбаҳор» Олий лиганинг 1-даврасини 12-ўринда якунлаганди.

Биринчи даврадан кейин жамоани 9 нафар футболчи тарк этганди. Ўз навбатида икки футболчи сафга қўшилган.

9 футболчисини қўйиб юборган «Навбаҳор» 2 футболчи олди

Мавзуга оид