Ўзбекистон | 13:11 / 15.07.2017
39765
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев Юнусобод туманига ташриф буюрди

Фото: ЎзА

Президент Шавкат Мирзиёев 15 июль куни пойтахтнинг Юнусобод туманига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Давлат раҳбари туманда жойлашган Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг Қўриқлаш бошқармаси фаолияти билан танишди. 

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг Қўриқлаш бошқармасида ҳам жамоат хавфсизлигини таъминлашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилмоқда. Бош бошқармада «Хавфсиз шаҳар» бошқарув ситуацион маркази ташкил этилмоқда. Марказ йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, қўриқлаш хизмати, пост-патрул хизмати ва бошқа тармоқларни геоинформацион тизим орқали бошқаради. Бозорлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, меҳмонхоналар, йўллар ва бошқа жамоат жойларига ўрнатилган видеокузатув ускуналари, замонавий сигнал узатиш техникаси бунда қўл келади. Бу жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш, уларни тез фурсатларда бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга. 

Тинчлик-осойишталикни таъминлаш тизими бугунги ҳаётимиз талабларига мос бўлиши керак, деди давлат раҳбари. Янги замонавий тизим самарали ишлаши учун уни мукаммал ўзлаштириш, босқичма-босқич амалиётга татбиқ этиш зарур. 

Президент мазкур бошқарув тизимини икки йил давомида синовдан ўтказиш, ички ишлар ходимларининг ахборот технологиялари бўйича билимини ошириш, Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва Тошкентдаги Инҳа университетида ихтисослашган кадрлар тайёрлаш, тизим пухта ўзлаштирилганидан кейин уни мамлакатнинг барча шаҳарларида жорий этиш зарурлигини таъкидлади.

Мавзуга оид