17:30 / 16.07.2017
164140

Наманганда ҳожатхонага тушиб кетган телефон туфайли 3 киши ҳалок бўлди

2017 йилнинг 13 июль куни Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида ҳожатхонада оғир газдан заҳарланиш содир бўлган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатган.

Ушбу хонадонда яшовчи фуқаро Г.Мусабоева Samsung Galaxy J7 уяли телефонини уйидаги ҳожатхонага тушириб юборган.

Шу куни Мусабоева томонидан ёлланган ишчилар А.Қирғизбоев ва О.Мурзалиев телефонни олиб чиқиш учун бирин-кетин ҳожатхона тубига нарвон ёрдамида тушишган ва оғир газдан заҳарланиб, ҳушдан кетишган.

Шифокор ёлланма ишчиларни қутқариб олиш учун ҳожатхона тубига тушаётиб заҳарланиб, ҳушини йўқотган.

Наманган вилояти ФВБ Қутқарув отряди қутқарувчилари келиб тушган хабардан сўнг қисқа муддат ичида воқеа жойига етиб бориб, вафот этганларни ҳожатхона тубидан олиб чиқишган.

Фуқаролар А.Қирғизбоев ва О.Мурзалиев воқеа жойида, фуқаро Қ.Ирисбоев эса шифохонага олиб кетилаётган вақтда жон берган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тегишли хизматлар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Top