Ўзбекистон | 21:40 / 18.07.2017
75482
9 дақиқада ўқилади

Президент солиқ маъмуриятчилигининг замонавий усулларига ўтишга фармон берди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони имзоланди. Фармон матни ЎзА томонидан келтирилган.

Ушбу ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати органлари тизимини ислоҳ этишнинг муҳим йўналишлари белгилаб берилган.

1. Солиқ маъмуриятчилиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор автоматлаштирилган таҳлил услубларини кенг жорий этиш, солиқ тўловчиларга, энг аввало, тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатишга тўлиқ ўтиш; 

2. Солиқ солиш объектлари ва солиқ солинадиган базанинг ўз вақтида ҳамда ишончли ҳисобга олинишини таъминлаш, ваколатли органлар ва ташкилотлар мансабдор шахсларининг солиқ солиш масалалари билан боғлиқ бўлган ишончли ахборотни ўз муддатида тақдим этиш бўйича масъулиятини кучайтириш; 

3. Солиқ мажбуриятларини бажаришда солиқ тўловчиларга ҳар томонлама кўмаклашиш, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, солиқ назоратини амалга оширишнинг замонавий услубларини жорий этиш; 

4. Макроиқтисодий кўрсаткичлар динамикаси ва ҳудудларнинг солиқ салоҳиятини тизимли таҳлил қилиш орқали солиқ солиш объектларини тўлиқ қамраб олишни таъминлаш ва солиқ солинадиган базани кенгайтириш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга ошириш; 

5. Фаолият кўрсатмаётган корхоналарнинг фаолиятини тиклашга ҳар томонлама кўмаклашиш, паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарнинг молиявий аҳволини соғломлаштириш, ўзаро ҳисоб-китоблар механизмларини мустаҳкамлаш, солиқ қарзи ошишига йўл қўймаслик орқали солиқ солинадиган базани кенгайтириш; 

6. Солиқ солиш масалаларида, шу жумладан республика ва маҳаллий бюджетлар даромадларини оширишнинг қўшимча захираларини аниқлаш орқали молия органлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш; 

7. Кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, солиқ органларини маънавий-ахлоқий жиҳатдан юқори малакали ходимлар билан тўлдириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш, шунингдек ходимлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш ва улар учун хизматни ўташнинг муносиб шарт-шароитларини яратиш. 

2018 йилнинг 1 январидан солиқ мониторинги жорий этилади.

«2018 йил 1 январдан солиқ органлари ва ҳалол солиқ тўловчилар ўртасида уларга жорий солиқ солиш масалаларини ҳал қилишда ҳар томонлама кўмаклашган ҳолда кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутувчи солиқ назоратининг замонавий шакли – солиқ мониторинги жорий этилади», дейилади ЎзА шарҳида.

Йирик солиқ тўловчилар бўйича солиқ маъмуриятчилиги функциялари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари томонидан амалга оширилади. Вақтинчалик молиявий қийинчиликларга тўқнаш келган ҳалол солиқ тўловчилар – хўжалик юритувчи субъектларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ таътиллари берилиши мумкин.

Ўтказилган камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар юзасидан солиқ тўловчилар томонидан асослар тақдим этилмаган тақдирда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаларини суд тартибида ундириш жорий этилади.

Ортиқча тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни қайтариш ёки ҳисобга олиш солиқ тўловчи ваколатли органларга мурожаат этган санадан бошлаб 15 иш куни ичида амалга оширилади.

Давлат солиқ хизмати органларига кирим ҳужжатларини расмийлаштирмасдан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қиладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисобварақлари бўйича операцияларини 5 банк кунигача бўлган муддатга вақтинчалик тўхтатиб туриш ваколати берилади. Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида солиқ органларига ҳисоб-китоблар ҳақидаги маълумотларнинг онлайн режимида берилишини таъминлайдиган назорат-касса машиналарини қўллаш орқали нақд пул тушуми устидан автоматлаштирилган назорат тизими жорий этилади, республиканинг қолган ҳудудларида мазкур тизим босқичма-босқич киритилади.

Солиқ текшируви объектларини самарали танлаб олиш учун солиққа оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш хавфларини таҳлил қилиш, шунингдек солиқ органлари томонидан юқори ликвидли маҳсулотлар ҳақиқий ишлаб чиқариш ҳажмининг доимий ҳисоби ва назоратини амалга ошириш бўйича ихтисослаштирилган автоматлаштирилган тизим жорий этилади. Давлат солиқ хизмати органлари хўжалик юритувчи субъектлар ходимларининг ҳисоботдаги ва ҳақиқий сони мувофиқлиги устидан тизимли мониторингни амалга оширади, натижаси бўйича солиқ солинадиган базани аниқлаштиради. 

Давлат солиқ хизмати органларининг штатлар сонини қисқартириш ҳисобидан чекланган штат сони 41 нафардан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси тузилмасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилиш инспекцияси ташкил этилиб, унга қуйидаги асосий вазифалар юкланади:

солиқ солиш тизими, солиқ ва божхона маъмуриятчилигини таҳлил қилиш ва баҳолаш асосида бюджет даромадларини кўпайтириш захираларини аниқлаш ва уларнинг сафарбар этилишини таъминлаш; 

солиқлар турлари ва ҳудудлар кесимида солиқ ва божхона тўловларининг йиғилувчанлик даражасини тизимли таҳлил қилиш, унинг тармоқ ва ҳудудлар кесимида пасайишига таъсир этувчи омиллар ва уларнинг оқибатларини аниқлаш; 

ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари ва солиқ тўлаш салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда Давлат бюджети даромадлари прогноз кўрсаткичларининг холислиги ва асослилигини баҳолаш; 

солиқ солиш объектлари ва солиқ солинадиган базани тўлиқ қамраб олиш устидан қатъий назорат ўрнатиш, манзилли йўналишлар ва назорат дастурларини, шу жумладан солиқ ва бошқа молия органларининг ахборот тизимлари маълумотларини таҳлил ва мониторинг қилиш асосида шакллантириш; 

давлат органлари ва ташкилотларининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун фойдаланиладиган маълумотлар базаларининг ишончлилигини баҳолаш; 

даромадлар прогнозини сифатли шакллантириш ва бажариш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш, солиқларнинг йиғилувчанлиги ва солиқ тўловчилар ҳисобининг тўлиқлигини таъминлашда молия ва солиқ органларининг масъулиятини ошириш ҳамда уларга ҳар томонлама кўмаклашиш чораларини кўриш. 

Давлат солиқ хизмати органлари фаолияти ва солиқ маъмуриятчилигининг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда Дастур деб юритилади) 1-иловага мувофиқ тасдиқланади.

Дастурда кўрсатилган вазирлик ва идоралар раҳбарлари унда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши учун шахсан масъул экани белгилаб қўйилади.

2018 йилнинг 1 январига қадар солиқ тўловчилар давлат солиқ хизмати органларининг барча давлат хизматларидан, шу жумладан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон фойдаланиш имконияти билан таъминланади. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари электрон рақамли имзо билан тўлиқ таъминланиши амалга оширилади.

Солиқ қонунчилиги ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш бўйича Ишчи комиссия тузилади. 

Фармонга кўра, ишчи комиссия (Ж.Қўчқоров) Вазирлар Маҳкамасига қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Дастурда белгиланган муддатларда киритади: 

солиқ маъмуриятчилиги ва назоратини ташкил этиш тартиби ҳамда методологиясини тубдан такомиллаштириш; 

хўжалик юритувчи субъектлар ва жисмоний шахсларнинг солиқ юкини янада камайтириш; 

хўжалик юритувчи субъектларни “йирик солиқ тўловчилар” тоифасига киритиш мезонларини белгилаш; 

бир хил солиқ солиш объектларига эга бўлган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни бирлаштириш; 

солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллаш учун қўшимча мезон (оборотнинг чегаравий миқдори) жорий этишни ва ушбу миқдор ошган корхонага, кичик тадбиркорлик субъекти мақомини сақлаб қолган ҳолда, қўшимча солиқ мажбуриятларини белгилаш; 

бориш қийин бўлган ва тоғли туманларда фаолиятини амалга оширадиган, шунингдек деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қиладиган якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаларини оптималлаштириш; 

алкоголли маҳсулотлар ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан тайёрланган буюмларни чакана сотиш ҳуқуқи учун йиғимнинг ҳудудлар бўйича табақалаштирилган ставкалари;

ҳалол, шу жумладан иш ўринларини ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини легаллаштирадиган солиқ тўловчиларни рағбатлантириш чораларини жорий этиш; 

Интернет тармоғида савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасида солиқ назоратини амалга ошириш механизмларини жорий этиш; 

давлат солиқ хизмати органлари ходимларини моддий рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириш; 

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Солиқ академияси фаолиятини янада такомиллаштириш. 

Мавзуга оид