18:40 / 20.07.2017
7788

Миробод туманида 5 нафар зўравон ушланди

Ботир Очилов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2016 йил 3 июль куни тахминан соат 14:30да “дўстлар”и Фурқат Иброҳимов, Даврон Тоҳиров, Д.Зарипов ҳамда Дилшод Камолов билан ўзаро келишиб, автомашина ўғирлашни мақсад қилади, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

Шундан кейин Миробод тумани А.Фитрат кўчасидаги уйларнинг бирида яшовчи Музаффар Алимовга ҳужум қилиб, унга оғир тан жароҳати етказишади. Сўнг уни ўзи бошқарган, аммо Авазбек Суннатуллаев номига расмийлаштирилган "Ласетти" русумли автомашинанинг орқа ўриндиғига ўтказиб, ўзи билан бирга олиб қочишади.

“Зўравон”лар машинани Яшнобод туманида жойлашган “Мирзо ота” қабристони олдига олиб боришади. У ерда Музаффарнинг фуқаролик паспорти нусхасига Ботир томонидан ўтказилган тазйиқлар остида Д.Зариповдан 2016 йил 3 июль куни 5 минг АҚШ доллари олганлигини, гаров сифатида эса “Ласетти” русумли автомашинасини бераётганлигини, пулни 2016 йил 5 июль куни қайтариб бериши тўғрисида мажбуран тилхат ёздириб олишади.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида, шу куни “Ласетти” русумли автомашина Яшнобод туманида жойлашган “Янгиобод” масжиди олдидан топилади.

Суд тиббий экспертизасининг 2016 йил 26 июлдаги хулосасига кўра, М.Алимов ўртача оғир тан жароҳати олган экан.

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг ҳукми билан Б.Очилов, Ф.Иброҳимов, Д.Тоҳиров, Д.Зарипов ҳамда Д.Камолов тегишли жавобгарликка тортилди.

Top