12:00 / 20.07.2017
34631

Терма жамоа Эрон клубига ютқазди, Лобанов кулгили гол ўтказди

Туркиянинг Измит шаҳрида ўқув-машғулотлар йиғинини давом эттираётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси кеча, 19 июль куни Эроннинг «Зоб Оҳан» клубига қарши назорат ўйинида майдонга тушди.

Учрашувнинг 85-дақиқасида «Зоб Оҳан»  футболчилари томонидан бурчакдан амалга оширилган стандарт вазият голга айланди. Бу вазиятда терма жамоа дарвозабони Александр Лобанов қўпол хатога йўл қўйди.

23 июль кунига қадар давом этадиган йиғин давомида яна битта назорат ўйини ўтказилиши кўзда тутилган.

Назорат учрашуви
Туркия, Измит
19 июль, чоршанба

Ўзбекистон – «Зоб Оҳан» (Эрон) – 0:1
Ўзбекистон: Игнатий Нестеров (Александр Лобанов, 46), Акмал Шораҳмедов, Мурод Холмуҳаммедов, Шерзод Аъзамов, Даврон Ҳошимов (Мурод Тошматов, 73), Фаррух Сайфиев, Саламат Қуттибоев (Баҳром Абдураҳимов, 78), Жалолиддин Машарипов (Суҳроб Бердиев, 64), Сардор Мирзаев (Эркин Бойдуллаев, 46), Отабек Шукуров, Игорь Сергеев (Шоҳруз Норхонов, 46).

Туркиядаги ўқув-машғулотлар йиғини миллий терма учун ЖЧ–2018 саралаш босқичининг Хитой ва Жанубий Кореяга қарши ўйинларига тайёргарлик вазифасини ўтаб беради.

Ўзбекистон терма жамоаси саралаш босқичи 8-туридан кейин 12 очко тўплаб, тўғридан-тўғри қўлга киритилиши мумкин бўлган ягона йўлланма учун курашда 2-ўриндаги Кореядан 1 очкога ортда қолмоқда.

Top