Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси Тартиб-интизом қўмитаси 19 ноябрь куни, Олий Лига 29-тури доирасида Қарши шаҳридаги «Марказий» стадионида бўлиб ўтган «Насаф» – «Пахтакор» учрашувидан сўнг, стадиондаги мухлислар ва «Пахтакор» клуби дарвозабони Александр Лобанов ўртасида юз берган воқеани ўрганиб чиқди.
Ўйиндан сўнг, Александр Лобанов майдонни тарк этар экан, «Насаф» клуби мухлислари унинг шаънига нолойиқ сўзларини йўллаб, ҳақорат қилишган. «Пахтакор» дарвозабони эса бунга ноўрин ҳаракатлар билан жавоб қайтарган. Мазкур ҳолат ПФЛ Тартиб-интизом қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилгач, футболчи Александр Лобановнинг ҳаракатлари сабаб унинг жамоаси «Пахтакор» клуби 50 000 000 (эллик миллион) сўм миқдорида жаримага тортилиши белгиланди.
Ўз навбатида, «Насаф» клуби мухлисларининг мухлислик маданиятига зид ҳаракатлари сабабли жамоа 100 000 000 (юз миллион) сўм миқдорида жаримага тортилиши белгиланди.
Агар келгусида шундай ҳаракатлар такрорланадиган бўлса, ҳар икки клуб бунданда кескинроқ тарзда жазоланади. Жумладан, «Насаф» клуби мухлислари томонидан шундай ҳаракатлар такрорланса, жамоа келгуси уй учрашувларини мухлисларсиз ўтказади.
Агар мавзуни чуқур таҳлил қилиш керак бўлса, бу омилга ҳам атрофлича тўхталса бўлади. Лекин биласизми, бу ерда асосий масала ҳақиқатнинг тагига етиш эмас. Йўқ бу ерда ҳақиқат ҳам, ҳақ тараф ҳам. Ҳамманинг ўз ҳақиқати борлиги қанчалик рост бўлса, Тартиб Интизом қўмитасининг вазифаси шу қадар аниқ - алоҳида ҳаракатларни ўрганиш, қайд этиш ва жазолаш. Тамом.
Ҳар иккала клубга ҳам қўйилган регламентал жазолар расман эълон қилинди. Стадионда юзага келган тартибсизликларнинг олдини ола билмагани, шароит яратгани учун клуб ва стадионнинг жазога тортилиши нормал ҳолат. (Бу тажрибадан Европанинг ривожланган мамлакатлари аллақачон ўтганлар. Жарима тўлайвериб, зериккан клублар мухлислар билан ишлашнинг янги босқичларига ўтдилар, стадион персонали вазифалари ўзгарди, жамоавий эмас, индивидуал жазо турлари кўпайди. Бир мухлис тартибни буздими, клуб уни аниқлаб йиллик ёки бир неча йиллик абонементдан маҳрум қилади масалан). Шунчаки, «Насаф» тўлаши керак бўлган 100 миллион, «Пахтакор»нинг 50 миллион сўм жаримаси қайси ҳисоб-китоблар асосида юзага келганини тушунмадим. Балки бир неча қоидаларнинг бузилгани йиғилиб (хабарда фақат Лобанов масаласи кўрсатилган) шу миқдорни келтириб чиқаргандир ёки долларнинг расмий курси икки баробар ошгани роль ўйнагандир, билмадим.
Лекин масаланинг энг асосий ва хунук қисми: Футболчининг ҳаракатларичи? Терма жамоа посбони Александр Лобанов нега жазодан қуруқ қолди?















