Жамият | 12:47 / 24.07.2017
27976
4 дақиқада ўқилади

МХХ Тошкентда психотроп дорилар савдоси билан шуғулланувчи тармоқни фош этди

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари Тошкент шаҳрида псиихотроп дорилар савдоси билан шуғулланган ноқонуний гуруҳ фаолиятини фош этди

Барчаси пойтахтда самарқандлик Ҳусан Хушбаковни ушлашдан бошланди. У кучли таъсир қилувчи, шифокор рецептисиз сотиш тақиқланган "Лирика" дорисини яширинча сотиш билан шуғулланган. Дилер 112 дона таблеткани 100 АҚШ доллари ва 510 минг сўмга сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Жиноятчини текшириш жараёнида яна 470 дона таблетка мусодара қилинди. 

Сўроқ вақтида Хушбаков бу дори воситаларини Дили ва унинг Бобур исмли ўғилларидан олишини сўзлаб берган. Сотилган таблетканинг ҳар бири учун 10 минг сўмдан пул тўлашган. Ушбу ҳодиса юзасидан МХХ ва Бош прокуратура ҳамкорлигида махсус тезкор гуруҳ шакллантирилган. Улар жиноий ишга алоқадор янги гумондорлар устидан кузатувни йўлга қўйган. Махсус амалиёт чоғида 2800 дона "Лирика" таблеткасини 2350 долларга сотаётган гумондорлардан бири қўлга олинди. 

У Тошкент ирригация ва мелиорация институти академик лицейи 1-курс талабаси Бобур Муродов экани аниқланган. Бобур ва онаси Дилбар Ҳошимова республика ҳудудида тақиқланган дори воситаларини ноқонуний йўл билан тарқатишган. 

Уларнинг хонадони кўздан кечирилганда турли психотроп дориларнинг йирик партияси борлиги аниқланган. Тезкор гуруҳлар 22624 дона "Лирика" таблеткаси, 2500 дона "Дюфастон" таблеткасини мусодара қилишган. Бундан ташқари, 8 минг дона "Мукалтин", 4200 дона "Креон", 1900 дона "Урсосан", 1740 дона "Сайтотек" ва 1512 дона "Plavix" таблеткалари борлиги маълум бўлган.

Ушланганлар мусодара қилинган дори воситаларига сертификатлар бошқа мувофиқлик ҳужжатларини тақдим эта олишмаган. Бу эса, уларнинг республика ҳудудига ноқонуний олиб кирилганини исботлайди. 

Шундан сўнг, тезкор гуруҳ дориларнинг келиб чиқиш манбасини аниқлашга киришди.

"Натижада қўлга олинган шахслар юқоридаги дори воситаларини Фарғона вилояти фуқароси Хуршида Ҳамроқулова ва Баҳодир Зокировдан олгани маълум бўлди. Зокиров "Лирика"нинг йирик партиясини Қирғизистон ҳудудидан божхона постларини айланиб ўтган ҳолда келтирган. Кейинчалик, дилерлар хусусий такси ҳайдовчилар Шохрух Эргашбоев ва Сардор Ниғматов хизматидан фойдаланишган. Улар дориларни мижозлар манзилларига етказиб беришган. Мазкур жиноий ишга алоқаси бўлганларнинг барчаси махсус амалиёт вақтида қўлга олиниб, ҳозирда уларнинг устидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан иш очилган", — дея қайд этган МХХ ходими. 

Мусодара қилинган дори воситалари экспертиза ишлари ўтказиш мақсадида Дори воситалари ва тиббий техникалар сифатини назорат қилиш Бош бошқармасига юборилган. Бошқарма хулосасига кўра, юқоридаги дориларнинг 10 тури қалбаки ва сифати ёмон экани аниқланган.

Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги наркология бўлими, гиёҳванд моддалар назорати бўйича қўмита ҳамда Даволаш-профилактика ёрдами кўрсатиш Бош бошқармаси мутахассисларининг хулосаларига кўра, "Лирика" кучли таъсир қилувчи дори ҳисобланади. Уни назоратсиз истеъмол қилиш инсон ҳаёти ва соғлиғига жиддий салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. 

Қайд этиш жоизки, "Лирика" бир неча марта истеъмол қилинса, унга қарамлик ҳисси пайдо бўлади. Дорини кўплаб истеъмол қилганларда бош ва бўғинлар оғриғи, нутқ ва диққатнинг бузилиши, хотира сусайиши, талваса, эътиборнинг заифлашуви,бош айланиши, таъм сезмаслик, кома ва ҳушдан кетиш ҳолатлари кўзга ташланади. 

Бегали Акбаров

Мавзуга оид