Тошкент шаҳридаги собиқ МХХ биноси ҳудудидан дарахтларни кўчирган “Muna Mug” компанияси раҳбари Фаррух Ҳакимов бошқа жойга ўтқазилган дарахтларни суратга олаётган Комил Еникеевга тайзиқ ўтказган. Бу ҳақда блогер Никита Макаренко хабар бермоқда.
Макаренко томонидан эълон қилинган видеода ҳодиса тафсилотларини Комил Еникеевнинг ўзи ҳикоя қилиб берган. Видеода фотограф собиқ МХХ биноси ҳудудидан кўчирилган дарахтларни суратга олаётганда номаълум шахс келиб унга фотограф турган жой хусусий мулк эканини эслатган ва “нега атрофни видеога оляпсан?”деб сўраган.
Фотографдан “Мен ўз мулким бўлган машинам ичида ўтирибман ва хоҳлаган жойимни видеога оламан”, деган жавобни эшитган шахс унга “Шунчалик ақллимисан? Мендан қўрқиб кетдингми? Қўрқ мендан. Тез буёқдан кет”, дейди. Сўнг қўлидаги газланган ичимликни фотографнинг бошидан қуяди.
Кейинчалик фотографга тазйиқ ўтказган шахс собиқ МХХ биноси ҳудудидан дарахтларни кўчирган “Muna Mug” компанияси раҳбари Фаррух Ҳакимов экани маълум бўлади.
Маълумот учун, 22 май куни Тошкент шаҳри марказидаги Сайилгоҳ кўчасидан устига яшил мато ёпиб олиб чиқиб кетилаётган дарахтлар видеоси тарқалди. Kun.uz'га маълум бўлишича, дарахтлар собиқ Миллий хавфсизлик хизмати биноси ҳудудидан олиниб, Тошкент вилоятининг Қибрай тумани Мирзо Улуғбек шаҳарчасидаги анҳор бўйига кўчириб ўтқазилган.
Воқеа ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлгач, Экология партияси Бош прокуратура ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга масъул давлат ташкилотларидан зудлик билан ҳолатга чора кўришни сўради. Шундан кейин Экология вазирлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси ўрганиш бошлаганини маълум қилди.
Kun.uz томонидан ўтказилган суриштирувда шаҳар Экология бошқармаси бўлим бошлиғи Турсунпўлат Эгамов Metropol Group январ ойида дарахтларни кесиш учун бошқармага хат жўнатганини, лекин вазирлик буни рад этганини маълум қилди.
Шунингдек, у қонунчиликда дарахтни кўчиришга рухсатнома берилиши белгиланмаганини ҳам қўшимча қилди.









