Ўзбекистон | 16:40 / 26.07.2017
26939
2 дақиқада ўқилади

Туркия миллий мудофаа вазири Ўзбекистонга келди

25 июль куни Туркия миллий мудофаа вазири Нуреттин Жаникли бошчилигидаги Туркия делегацияси расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.

Тошкент аэропортида туркиялик меҳмонларни Ўзбекистон Мудофаа вазири, генерал-полковник Қобул Бердиев, Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Башар Шон ҳамда бошқа юқори мартабали расмийлар кутиб олишди.

Туркия делегациясидан шунингдек, Мудофаа саноати масалалари бўйича раҳбар Исмоил Демир, Миллий мудофаа университети ректори Эрхан Афйонжу, миллий мудофаа вазирлиги вакили Басат Ўзтурк ўрин олишган.

Делегация Ўзбекистон Мудофаа вазирлигида қабул қилинди, қабул ҳарбий маросим билан бошланди. Икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради. Сўнгра, Туркия миллий мудофаа вазири саф тортган аскарларни саломлади.

Нуреттин Жаникли, Ўзбекистон ўзларининг ота юртлари эканини таъкидлаб,  “Бу заминга қадам қўйишимиз алоҳида бир ҳаяжондир. Тарихимизни, ўтмишимизни, оталаримиз бу тупроқларда яшашганини ҳис этишдан хурсандчиликка бурканамиз” деди.

Ўзининг Вазир этиб тайинланганидан кейин илк расмий ташрифини Ўзбекистонга амалга оширганини айтиб ўтган Туркия миллий мудофаа вазири, “Бутун Турк халқи, 7 ёшдан 70 ёшгача ҳамма Ўзбекистонни чин қардош, дўст бир мамлакат сифатида қабул қилади ва севади. Орамизда масофа узоқ, лекин кўнгиллардан кўнгилларга бўлган севги ипи ҳеч қачон узилмади” деган фикрларни ифода этди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳамда Туркия миллий мудофаа вазирлиги ўртасида бўлиб ўтган расмий мулоқотлар якунлангач, икки мамлакат ўртасида ҳарбий таълим соҳасида ҳамкорлик борасида протокол имзоланди.
Меҳмонлар кеча шунингдек, Темурийлар тарихи давлат музейини ҳам зиёрат этдилар.

Бугун Туркия миллий мудофаа вазири Нуреттин Жаникли Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёвнинг қабулида бўлади. Ташриф Ўзбекистон Мудофаа вазири, генерал-полковник Қобул Бердиев томонидан бериладиган расмий зиёфат билан якунланади.

Мавзуга оид