Ўзбекистон | 15:09 / 01.05.2018
96828
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон собиқ мудофаа вазири янги лавозимга тайинланди

Фото: Wikipedia

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги собиқ раҳбари Қобул Бердиев янги лавозимга тайинланди. Бу ҳақда KUN.UZ манбаси хабар берди.

Маълум бўлишича, Қобул Бердиев эндиликда Ўзбекистон Республикаси Фуқаро муҳофазаси институти бошлиғи сифатида ишлайди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати ҳам ушбу маълумотни тасдиқлади.

Қобул Бердиев 2017 йилнинг сентябрь ойи бошларида мудофаа вазири лавозимини тарк этганди. Ўшанда бу вазирликка собиқ ички ишлар вазири Абдусалом Азизов раҳбар этиб тайинланган.

Шундан сўнг генерал-полковник Қобул Бердиев Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари академиясига раҳбар бўлди. Бироқ, Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 10 январь куни президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида нутқ сўзлаб, Қобул Бердиевни қаттиқ танқид остига олди ва у Қуролли кучлар академияси раҳбарлигидан бўшатилганини маълум қилди. 

Маълумот учун, Қобул Раимович  Бердиев 1955 йил 5 апрель куни Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида туғилган. 1976 йилда Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртини ва 1988 йилда Фрунзе номидаги ҳарбий академияни тамомлаган. 2000-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари Бирлашган штаби бошлиғининг ўринбосари. 2003-2006 йилларда Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти бошлиғи. 2006-2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири. 2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг ўринбосари - Жанубий-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондони. 2008 йил 17 августда Ислом Каримов томонидан мудофаа вазири этиб тайинланган. I даражали «Шон-шараф» ордени билан тақдирланган. Генерал-полковник.

Фуқаро муҳофазаси институти Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирига бўйсунади ва ўз фаолиятини унинг раҳбарлиги остида, Марказий аппаратнинг бошқармалари ва хизматлари, ФВВнинг ҳудудий ва таркибий тузилмалари, Ўзбекистон Республикаси илмий-тадқиқот ва ўқув муассасалари билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади. Институт ФВДТнинг юқори бошқарув ва ташкилий бўғини мутахассисларни, Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири - Фуқаро муҳофазаси бошлиғи томонидан тасдиқланадиган Жамлаш режасига мувофиқ давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, вазирликлар, идоралар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассисларининг, ФВВнинг шартнома асосидаги ҳарбий хизматчиларни, ФВВ таркибий ва ҳудудий тузилмалари қутқарув хизматларининг қутқарувчиларни, бошқа вазирлик ва идораларнинг қутқарув тузилмалари қутқарувчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни амалга оширади.

Мавзуга оид