Жамият | 10:02 / 27.07.2017
9024
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 4 нафар босқинчи ушланди

2017 йилнинг 24 июль куни тахминан соат 03:30ларда номаълум шахслар босқинчилик йўли билан ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида, Мирзо Улуғбек тумани ҳудудида фуқаро Раҳимжон Сабировнинг (жабрланувчиларнинг анкета маълумотлари ўзгартирилган) хонадонига девордан ошиб ўтиш йўли билан ғайриқонуний равишда кириб, Р.Сабиров ва унинг турмуш ўртоғи Наргиза Ачиловага тан жароҳатлари етказиб, уларга тегишли жами 468.000 сўмлик мол-мулкини очиқдан-очиқ талон-торож қилиб, жиноят жойидан яширинганлар. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар берди.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси 3-қисми “в” банди (босқинчилик, яъни бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, уй-жойга ғайриқонуний равишда кириб, ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. 

Ички ишлар идоралари ходимлари томонидан ўтказилган тергов- тезкор тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни муқаддам судланган Ҳожиакбар Султанбаев, Ғанишер Комалидинов, Фаррухбек Розиқов ва Илҳомжон Иззатуллаев содир этганликлари аниқланган. 

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорликлари текширилмоқда. 

Юқоридаги шахсларнинг хатти-ҳаракатидан жабр кўрган шахслар «102» телефон рақамига ёки яқин атрофдаги ички ишлар органларига мурожаат этишларини сўраймиз.

Мавзуга оид