Жаҳон | 23:44 / 04.08.2017
19741
2 дақиқада ўқилади

Boeing Dreamliner осмонда ўз аксини "чизди"

Фото: РИА Новости / Алексей Куденко

АҚШ осмони узра ўз аксини "чизган" Boeing 787 Dreamliner йўловчи самолётининг бу парвозидан мақсад Rolls Royce компаниясининг янги двигателини синовдан ўтказиш бўлган, деб хабар бермоқда Flightradar24 портали.

3 августда Boeing компанияси Boeing 787 Dreamliner шаклини қайтарувчи йўналиш бўйича бу моделдаги самолёт парвозини ташкиллаштирди.

Маълум қилинишича, синов парвози Boeing ва Rolls Royce компанияларига "регуляторларга самолёт бир двигателда хавфсиз узоқ масофага парвозларни амалга ошира олишини исботлаш"га ижозат берди. Парвознинг умумий давомийлиги 18 соатни ташкил қилган. 

Boeing’нинг расмий сайтида айтилишича, самолёт йўналиши 22 штат орқали ўтган. "787 Dreamliner модели ташувчиларга кўпроқ узоқ масофаларга мўлжалланган рейсларни амалга оширишга имкон бериш учун яратилган", деб айтилган хабарда.

Boeing 787 Dreamliner — кенг фюзеляжли, икки двигателли йўловчи самолёти бўлиб,  Boeing Commercial Airplanes компанияси томондан яратилган. У 250-300 йўловчини ташишга мўлжалланган. Компанияда таъкидланишича, Dreamliner аввалги моделлардан тежамкорроқдир.

Мавзуга оид