Жамият | 20:51 / 15.08.2017
56167
6 дақиқада ўқилади

Тўйларимиз ҳақида ўйларимиз. Мирза Азизов билан суҳбат

«Тўй ва таъзияға сарф қилинатурғон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур».

Бу сўзларни бир аср муқаддам жадидчи бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий билдириб ўтган эди. Шунча йиллардан бери маддалаб кетган бу хасталикни йўқотишга уринмай, балки оширдик, тоширдик.

Бугун бир миллат даражасида кўтарилган мавзу нақадар долзарб? Тўйлардаги дабдаба ва исрофгарчилик асли нимадан келиб чиқади ва унинг ечимлари қандай? Kun.uz мухбири ана шундай саволлар билан Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов билан боғланди.

«​Тўйларнинг дабдабали ўтказилишига, аввало тўқлик сабаб бўлмоқда. Кишиларда ана шу имконият бор, маблағ бор экан, тўйларда ҳар хил урф-одатларни бажо келтиришмоқда. Дунёнинг исталган давлатидан мева-чева, ноёб матоҳлар келтириляпти.

Бу даврни кўриб, тўкин дастурхонда тўй қилаётганимиз учун шукр қилишимиз керак. Собиқ Совет ҳукмрон бўлган кезларда айрим чекка ҳудудлардаги тўйларга борсангиз, 4та чалпак, оққанд ва битта таом билан меҳмон кутиб олишар эди. Ўзига тўқ, бой инсон ҳам кундалик турмушда еб юрганимиз каби дастурхон солиб, маросим қилар эди.

Демак, биз ривожланиш, яхши ҳаётга қараб бораяпмиз экан, аммо дабдабали ва исрофгарчилликка йўл қўйганча тўй-маросимларни ўтказиш номақбул, иллат амаллардандир. Бундай тўқчиликни бузуқликка айлантириш бизнинг халққа ярашмайди. Аллоҳ берган неъмат учун эртага жавоб беришимиз керак, ундан қўрқмаймизми, деган саволни ўртага ташлайликчи?!»​, дейди Мирза Азизов.

Демократик давлатда ҳар бир фуқаро қонунда белгиланган тартибни бузмаган ҳолда ҳаракатланиш, бирор иш билан машғул бўлиш ҳақига эга. Демократияда барча истагандек тўй қилиши, маросимларини нишонлаши мумкин, албатта. Лекин ҳеч қачон бундай исроф ва шўхлик билан пешқадам халқ бўла олмаймиз. «Ҳаётда тўй қилади, хурсандчиликнинг нима айби бор», дея узоқни кўрмай фикрлаётган киши тўй қиламан деб, иқтисодий муаммолар гирдобига тушиб қолган, кўчада гердайиб юрган эркакнинг бошини ҳам қилиб қўяётган борди-келдилардан сўрасин. Бу «мода» оиласига хурсандчилик олиб келармикан?

«​Ёзилган сўзларни ҳар ким ўз мақомида тушунишидан аввал, умумий ҳолатларга эътибор қаратиши лозим: ор-номус кетиб қоляптику, имон кўтарилмаяптими? 70 ёшга кирган онахонлар ҳам бўлар-бўлмас мусиқага рақс тушиб юрса, тўйга бораман экан, деб очиқ-сочиқ кийимларни эгнига илиб қизларнинг тўйга йўл олиши қайси мантиққа тўғри келади?»​, дейди актёр.

Ҳақиқатан, кўчада сипо кўринган, аслида ҳам одоб ва шарм либосида юрган аёлларимиз, тўй-маросимга алоҳида зеб, очиқ кийимлар билан бориб, ғарб маданиятига кўр-кўрона тақлид этиши кузатилмоқда-ку. Мамлакат раҳбари «устидагини ечмасдан ўйнасин» демагунча, билмасмидик?

«​Авваламбор, бирламчи касбини бажармай, «касалман» деб тўйма-тўй юрган санъаткорларга ҳам ҳаётнинг ўзи жавоб бериб қўяди. Пул ва турли важлар билан саҳнада бошқача кўриниб, тўйда ликиллаб ўйнаб юриш ҳеч кимга ярашмайди. Эътибор қилинг, садоқат билан касбига меҳр қўйган инсоннинг барча нарсаси бор. Лекин, ўша тўйга кириб борар экансиз, баланд панода чиқарилган сурат, «севги эртаги»ни кўз-кўз қилиш, торт кесиш, вальс тушиш, қўшиқчини устида пул сочиш, гул отиш ва ҳ.к. Ўйланиб қоламан, бахт деб билганимиз мана шуларга кўчиб қолмаяптимикин? Негаки, бундай урфлар қанча пул сарфласангиз ҳам, қанча ҳашам бўлгани билан икки ёшнинг турмушига заррача таъсир қилмайди. Балки айнан шу одатларнинг орқасидан чиққан можаролар туфайли оилалар ажрашиб кетмоқда-ку. Агар давлат раҳбари даражасида муаммога урғу берилган экан, бир яхши инсон маслаҳат бериб, тўғри йўлга қайтайлик, деса, бунинг нимаси ёмон?!

Айрим сайтларда бу сўзларнинг нотўғри талқин этилиши, ривожланиш учун якдил қадам ташлаб кетаётган халқнинг бирлигини кўра олмаслик, холос. Уларнинг мақсади исрофгарчиликни қораламай, хатоларимизни очиқ айтиб, бирлашиб курашайлик, деган сўзимизни иғво қилишидан маълум»​, дейди 52 ёшида Ўзбекистон халқ артисти унвони билан тақдирланган Мирза Азизов.

Ўғил бола бўлиб, мен оиламни қийнагим, отамни қарзга ботириб, эртамни ўйламай уйланишни ўзимга эп кўрмайман.​ Биз тўйларимиз ҳақида ўйлаб, яна «жиноятга» қўл уравермасдан, ижтимоий тармоқларда муҳокама бошлаб ўтирган «хонтахта мутахассислари»га эътибор қилмай, ўйлашимиз керак. Кишилар «нима дейди» деб, уларнинг босимидан қўрқиб, «пода»га қўшилиш керакми?

Мавзуга оид