Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасида бўлиб, мутахассисларга мурожаат қилди, шунингдек, марҳумнинг яқинлари билан ҳам боғланди.
Маълум бўлишича, марҳум Мирза Азизов Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасига шу йилнинг 23 март куни мурожаат қилган. Беморда коронавирусга ПЗР тест таҳлили мусбат, ўпка тўқимаси 60-65 фоизгача зарарлангани ва организмнинг кислородга тўйинганлиги – сатурация даражаси 78-80 фоиз бўлгани учун беморнинг умумий аҳволи оғир деб баҳоланиб, шифохонанинг Б-блокидаги 2-реанимация бўлимига ётқизилган.

Беморнинг касаллик тарихи ўрганилганда, шифохонага келишидан олдин 17 март куни ҳам ПЗР тест таҳлили топширгани ва таҳлил натижаси мусбат чиққани маълум бўлган. 18 март санасида эса беморда тана ҳароратининг 38 даражагача кўтарилиши, нафас олиши қийинлашиши, умумий ҳолсизлик кузатилган.
Шифохонага боргунга қадар уй шароитида 4 кун давомида даволанган. 22 март куни турмуш ўртоғи ва фарзандларида ҳам тана ҳарорати кўтарилиши кузатилгани сабабли бемор билан биргаликда 23 март кунида Зангиота 2-сон юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган.
Шуҳрат Ризаевнинг мақоласида марҳум реанимация бўлимига олинганда ўзини алоҳида хонага ўтказишда ёрдам сўраб мурожаат қилгани айтилади. Шифохона директори Дониёр Миразимов беморлар нима учун реанимацион залга жойлаштирилиши кераклиги ҳақида атрофлича тушунтириш берган.

«Реанимация бўлими жаҳон стандартларига мос равишда жиҳозланган. Шифохонамизнинг реанимация бўлими 36 нафар беморга мўлжалланган бўлиб, 6та реанимацион залдан иборат. Бутун дунё шифохоналарининг реанимация бўлимларида бўлгани каби бир залда 6 нафар ўта оғир беморга реанимацион ва интенсив ёрдам кўрсатилади.
Ҳар бир залда 1та реанимацион пост ташкил қилинган бўлиб, 1 нафар реаниматолог шифокор, 2 нафар реанимация ҳамшираси, 1 нафар кичик тиббий ходим суткасига 3 сменада доимий равишда беморларни назорат қилиб туради.
Фақат бизнинг шифохонада эмас, балки дунёдаги энг етакчи клиникалар, масалан, Исроилдаги Ичилов маркази ва Ассута маркази, AҚШдаги Жонс Ҳопкинс университети шифохонаси ва Седарс-Синай тиббиёт мажмуаси, Германиядаги Мюнхен университети клиникаси ва Шарите тиббиёт мажмуаси, Жанубий Кореядаги Гачон тиббиёт университетининг Гиль шифохонаси ва Буюк Британиядаги Грейт-Ормонд-стрит шифохоналарининг реанимацион бўлимларида ҳам худди шундай тартиб жорий қилинган.












