15:10 / 16.08.2017
15637

IUT тайёрлов курслари тингловчилари – 5 дақиқаси кам талаба!

Хабарингиз бор, 2017 йилнинг 1 августдан 20 август кунига қадар Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT)нинг Узлуксиз таълим маркази бўлажак абитуриентлар ҳамда ўз билимини яхшилаб олишни хоҳловчилар учун математика, физика ва инглиз тили бўйича ўқув курсларига онлайн рўйхатга олмоқда.

Мазкур ўқув курсларида касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлари ҳамда умумтаълим мактабларининг ўқувчилари математика, физика ва инглиз тили фанлари бўйича ўз билимларини ошириш ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва бошқа олий ўқув юртларига бўладиган кириш имтиҳонларига тайёрланиш имкониятига эга бўлишади.

Ўқув курсларидан кўзланган асосий мақсад – ёшлар ўртасида математика ва физика фанларига бўлган қизиқишни ошириш, мазкур фанларга иқтидори бор бўлган ўғил-қизларни кашф этиш ҳамда бу фанларни чуқурроқ ўрганиш учун зарур шароитларни яратиб беришдир.

Тайёрлов курсларида ўқиш учун қуйидаги талабларни бажариш лозим:

3,5 га 4,5 см. ҳажмидаги расм,
паспорт нусхаси,
касб-ҳунар коллежлари, академик лицейларининг дипломлари ҳамда умумтаълим мактабларининг аттестатлари,
булар бўлмаган тақдирда ўқиш жойидан маълумотнома.

Махсус онлайн шаклга бўлган ҳавола Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг сайтида 2017 йилнинг 1 август куни эълон қилинган. 22-24 август кунлари қабул тестлари ўтказилади, улардан муваффақиятли ўтган ёшлар 2017 йилнинг сентябрь ойида ўқишни бошлашади.

Ёшлар ўз хоҳишларига кўра бир ёки икки академик йил давом этадиган курсларни танлашлари мумкин. Ҳар бир академик йил уч триместрга бўлинади, ҳар бир триместр уч ой давом этади. Ҳар бир семестр якунида тингловчилар мажбурий тарзда имтиҳон топширишади ва фақатгина имтиҳонларни муваффақиятли топширган тингловчилар тайёрлов курсларидаги ўқишларини давом эттиришади.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига киришни ният қилган абитуриентлар учун таълимнинг танланган йўналиши бўйича мажбурий ва ихтиёрий фанлар мавжуд. Масалан, агарда абитуриент «Компьютер ва дастурий инжиниринг» факультетига кирмоқчи бўлса, у математика ва физика фанларини танлаши зарур, «Логистика» факультети учун эса - математика ва инглиз тили.

Университетнинг Тайёрлов курслари тингловчилари қатор имтиёзларга эга бўлишади. Фақатгина Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Тайёрлов курсларининг тингловчилари мазкур университетга кириш имтиҳонларини топширмасдан туриб талаба бўлишлари мумкин.

Курс якунлари бўйича тингловчилар якуний имтиҳонларни топширадилар, ҳамда 60 фоиздан юқори балл тўплаган ва энг яхши тингловчиларнинг дастлабки 30 фоизи қаторидан ўрин эгаллаган тингловчилар Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг талабасига айланадилар. Бунда қайд этиш лозимки, касб-ҳунар коллежлари ҳамда академик лицейларининг биринчи ва иккинчи босқич ўқувчилари, умумтаълим мактабларнинг 10-синф ўқувчилари ҳали ўқув юртини тамомламай туриб, якуний имтиҳон натижаларига кўра университет талабалари бўлишлари мумкин. Фақатгина бу талабалар лицей, коллеж ёки мактабни битириб, диплом ва аттестет олганларидан сўнг университетга қабул қилинадилар.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг 20 июнь куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) Узлуксиз таълим маркази Тайёрлов курси тингловчилари ўртасида якуний имтиҳон ўтказилди. Имтиҳон натижаларига кўра 34 нафар тингловчилар Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг “Компьютер ва дастурий инжиниринг” факультетига ҳамда 8 нафар тингловчилар “Логистика” факультетига ўқишга қабул қилиндилар.

Бунда 5 нафар тингловчилар касб-ҳунар коллежлари ёки академик лицейларнинг ўқувчилари ҳисобланади. Улар коллеж ёки лицейдаги ўқишларини тамомлаганларидан сўнг, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига имтиҳонсиз қабул қилинадилар. Улар шунингдек, университетнинг кириш имтиҳонларида қатнашиб, грант ўринлар учун курашиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритдилар.

Қайд этамиз, 2016 йили IUT нинг Узлуксиз таълим маркази тайёрлов курсларининг 82 фоиз тингловчилари якуний имтиҳон натижаларига кўра талаба бўлишди. Бунда 61 фоиз тингловчилар IUT га ўқишга киришди. Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг Узлуксиз таълим маркази бу йил мазкур кўрсаткичнинг юқори бўлишига умид қилмоқда. Нима ҳам дердик: IUT Тайёрлов курслари тингловчилари 5 дақиқаси кам талаба!

Top