Ўзбекистон | 12:05 / 16.08.2017
13695
3 дақиқада ўқилади

Шерзод Шерматов: Мобил алоқа антенналари аҳоли даъво қилганчалик зарарли эмас

Фото: Халқаро пресс-клуб

Халқаро пресс клубда информацион технологиялар ва коммуникациялар вакиллари иштирокида «Ўзбекистонда мобил алоқа: муаммолар ва ечимлар» мавзусида анжуман бўлиб ўтмоқда.

Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири в.б. Шерзод Шерматов айни пайтда юртимизда мобил алоқалар билан таъминланганлик, уни кенгроқ ёйишда дуч келинаётган муаммолар ҳақида сўз очди.

Вазирнинг сўзларига кўра, мобил алоқадан фойдаланиш чоғида юртимизда амалда бўлган электромагнит нурланиш 900/1800 Мегагерцни ташкил этади ва бу халқаро белгиланган меъёрларга тўлиқ мос.

Айни пайтда Ўзбекистонда 1 кв.см майдонга 2,5 микроВаттгача нурланишга рухсат берилгани айтиб ўтилди. Айнан шу кўрсаткич МДҲ давлатларида 4 баробар, Европа ва АҚШда 40 баробар, масалан, Исроилда 160 баравар юқори.

Мобил аппаратдан антенна қанча йироқ бўлса, аппарат шунчалик кўп қувват сарфлайди ва алоқа сифати пасаяди. Шу сабабли базавий станция — антеннадан таралаётган радиомагнит нурланишдан кўра, мобил қурилмадан таралаётган нурланишнинг зарари инсонга кўпроқ бўлади.

Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири в.б. 3та асосий масалага эътибор қаратди.

1. Маҳаллий ҳокимликлар томонидан базавий станцияларга ер ажратиш ишларида ёрдам берилиши. Чунки ҳар бир станцияга ер ажратиш ва уни ишга туширишга 2-3 ой вақт кетмоқда.

2. Аҳоли ўртасида база станцияларини ўрнатиш ишларига қаршилик қилмаслик.

3. Аҳоли ва юридик шахсларнинг ўрнатилган база станцияларини олиб ташлашни асоссиз олиб ташлашни талаб этмаслиги.

Вазир маҳалла фуқаролар йиғинларига мурожаат қилиб, биринчи навбатда улардан ёрдам сўради. «Чунки бирор кўпқаватли уйнинг устига антенна ўрнатишимиз ҳамоно аҳоли ёза бошлайди. Уйимизнинг тепасига антенна ўрнатилди, радиациядан нурланамиз ва ҳоказо, деб. Лекин бу нотўғри. Бизда нурланиш нормаси жаҳондаги энг пастлардан бири ҳисобланади. Бу борада мутахассисларимиз бор, санитария номларини қаттиқ назорат қиламиз. Ҳар бир антенна ўрнатилишидан аввал жуда катта текширувлардан ўтади», деди вазир в.б.

«Ҳозирда операторлар 50дан ортиқ база станцияларини кўчиришга талабномаларни олишган. Сабаблар эса «антенна нотўғри турибди, хунук турибди», деган важлар билан антеннани кўчиришни талаб қилиб шикоят ёзишади. База станцияларининг иши бири бирига чамбарчас боғлиқ, унинг кўчирилиши яқин атрофдаги 5-6та антеннага ва улар қамраб олган ҳудуддаги алоқа сифатига таъсир қилади», деди Шерзод Шерматов.

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Республика санитария эпидимология хизмати бош шифокори Сайидмурод Сайидалиев ССВ томонидан республикада ўрнатилган 18 мингга яқин антеннанинг ҳар бири ўрнатилишдан олдин СЭХ томонидан пухта ўрганилиб, рухсат берилганини қайд этиб ўтди.

Мавзуга оид