Ўзбекистон | 15:26 / 22.08.2017
12963
2 дақиқада ўқилади

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари муборак сафарга жўнаб кетдилар

Жорий йилнинг 22 август куни ўзбекистонлик зиёратчиларнинг 430 нафардан иборат сўнгги гуруҳлари иккита рейсда Тошкент-Мадина ва Наманган-Мадина йўналиши бўйича Саудия Арабистони Подшоҳлигига кузатилди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати хабар берган.

Зиёратчилар қаторида 72 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва уларга ҳамроҳлик қилувчилар ҳам ҳаж сафарига жўнатилди. Фахрийлар Тошкент шаҳрида жойлашган “Минор” масжидида тўпландилар. Уларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан махсус аравачалар совға қилинди. Улар Тошкент ва Наманган халқаро аэропортларидан тўғридан-тўғри Мадина шаҳрига кузатилди.

Кузатиш жойи ва аэропортда бўлажак ҳожиларимизга барча қулайликлар яратилди, жумладан, зиёратчиларимиз учун иссиқ чой, енгил таом ва сархил мевалар билан сийланди. Муқаддас сафарга чиқаётган ватандошларимиз яратилган шароитлардан миннатдор эканликларини изҳор этдилар.

Республика ишчи гуруҳи томонидан Мадина шаҳри аэропорти ва “Жавҳарат ар-Рошид” меҳмонхонасида юртдошларимиз учун барча қулай шароитлар тайёрлаб қўйилган.

Маълумот сифатида шуни айтиш мумкинки, мавсум бошидан бери жами 32 та рейсда 7155 киши жумладан Тошкент-Мадина йўналишида 2228, Наманган-Мадина 3028, Самарқанд-Мадина 459, Урганч-Мадина 206, Бухоро-Мадина 412, Қарши-Мадина йўналишида 822 нафар зиёратчи Саудия Арабистонига етиб борди.

Мавзуга оид