Ўзбекистон | 15:07 / 28.08.2017
113570
8 дақиқада ўқилади

«Нархоз»га кимлар кирган ўзи: Схема қандай ишлаган?

Фото: KUN.UZ

Kun.uz сайтида эълон қилинган «Тошкент давлат иқтисодиёт университетидаги сирлар очилмоқда» ва «Нархоз»да тест куни «ректорская группа» ишлаганми ёки бу бир тасодифми?» сарлавҳали мақолалардан сўнг таҳририят почтасига тинимсиз хатлар келмоқда ва мавзу ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинмоқда. Шулар орасидан энг диққатга сазоворлари олиниб, таҳлил қилинган ҳолда ўқувчилар эътиборига ҳавола этилади.

Сурайё Музафарова исмли фойдаланувчи қуйидагича фикрларни ёзди (изоҳ қисман таҳрирланди):

«Фарзандим, яъни ўғлим бу йил ўша «Нархоз»га топширганди, не умидлар билан 3 йил репетиторга қатнаб. Киролмади. 108,4 балл билан. «Нархоз»да буларнинг жуда ҳам «ўйини» кўп экан. Биз ҳужжатни «Меҳмонхона» йўналишига топширганмиз. Қабул комиссияси эса ўғлимни «Туризм» йўналишига қўйган. Уч марта бордим. Боламни «Меҳмонхона» йўналишига ўтказдиларингми, деб сўраб. Қабул комиссиясида ўтирган одам «тўғирлаб чиқдим, нотўғри кетиб қолибди», деди. Лекин мени алдашган экан. Шу билан ДТМ олганда ҳам бориб сўрадим, болам «Меҳмонхона» йўналишидами, қани рўйхатни илиб қўйишинглар керак эди, десам, «Сиздақалар 60 мингта, қайси биринг билан гаплашамиз», деб мени уришиб ҳайдагандан бадтар қилишди. Хуллас, тайинли жавоб олмадим. Тест куни болам имтиҳонни «Туризм» йўналишига топшириб чиқди. Саволномага ҳаттоки «Меҳмонхона» деб ёзиб чиқди. Лекин жавоблар чиққанда бориб қарасак, ўғлим «Туризм» йўналишида турибди. «Меҳмонхона» йўналиши таг-туги билан йўқ. Ушбу йўналишнинг жавобларини эълон ҳам қилишмади. Мен қабул комиссия раисига учрадим, Азамат Мухторовга. «Қани «Меҳмонхона» йўналиши, нега илмагансизлар?» десам тайинли жавоб ололмадим. Бу иш юзасидан Бош прокуратурага, Миллий хавфсизликка, Президент порталига шикоят тайёрладим. Ўша «Нархоз»даги қабул комиссияси ўйинларини кўриб чиқишлари учун. Умуман ҳақиқат йўқ экан «Нархоз»да. Боламнинг бир йиллик умри бекор кетадиган бўлди».

Шунга ўхшаш изоҳни яна Шоҳрух Расулов исмли фойдаланувчи қолдирди. Унда қуйидагича дейилади:

«Нархозда кейин хоҳлаган йўналишингизга топшира олмайсиз, ҳаммаси «Иқтисод»ку деб, «Иқтисодиёт (тармоқлар ва соҳалар бўйича)» йўналишига алдаб одамларни топширтиради».

Юқоридаги фикрни қўллаб-қувватлаб, Замира Жуманазарова исмли фойдаланувчи қуйидагиларни ёзади:

«Тўппа-тўғри! Менинг укам топширмоқчи бўлганда шунақа айтишган. Суғурта йўналишига топширамиз десак «Йўқ, иқтисод «общий» деган. Кап-катта домла шунақа деганди».

Биз ушбу ёзилган изоҳларни таҳлил қилиб кўрдик. Наҳотки, бу гапларда жон бўлса? Наҳотки абитуриентлар сўз кетаётган Иқтисодиёт университетининг исталган йўналишига ҳужжат топшира олмасдан, фақат «Иқтисодиёт» ва «Туризм» йўналишларига топшира олса? Ёки фуқаролар ўзлари тушуниб-тушунмай алдашяптими? Ёки шамол бўлмаса ҳам дарахтнинг учи қимирламаётганмикин?

Биз жорий йилда Нархозга топширилган ҳужжатлар сонига эътибор қаратдик ва қизиқ рақамларга дуч келдик.

Абитуриентлар сонига қарасак, ҳақиқатдан «Иқтисодиёт (тармоқлар ва соҳалар бўйичайўналишига энг кўп – 1 минг 091 нафар абитуриент ҳужжат топширган.

Юқоридаги фуқаро даъвосига кўра, фарзанди мажбуран ўтказиб юборилган «Хизматлар соҳаси (туризмни ташкил этиш ва бошқариш)» йўналишига эса 978 нафар абитуриент ҳужжат топширган.

Хўш, қолган йўналишларга-чи? Агар анча нуфузли ҳисобланган «Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар» йўналишини ҳисобга олмасак, Иқтисодиёт университетининг қолган йўналишларига кескин равишда кам ҳужжатлар топширилган. Ҳаттоки бирортаси 350 кишига ҳам етмайди.

Айтишингиз мумкин, балки квоталар сонидан фарқ бордир. Яъни одатда кўп квота ажратилган йўналишларга табиийки, кўпроқ ҳужжат топширилади.

Келинг, буни ҳам таҳлил қиламиз. «Абитуриентларни алдаб ўтказишади» дея даъво қилинаётган «Иқтисодиёт» йўналишига 80та квота ажратилган ва жами 1.091 киши ҳужжат топширган.

Кириш баллари ўртасидаги фарқ шубҳали тарзда ўта кескин юқори бўлган «Корпоратив бошқарув» йўналишига эса 10та ўрин кўп, яъни 90та квота ажратилган бўлишига қарамасдан, лекин негадир унга атиги 313 киши (!) топширган.

Ёки «Маркетинг» йўналишига ҳам 90та квота ажратилган, лекин негадир унга атиги 332 киши ҳужжат топширган.

«Бухгалтерия ҳисоби ва аудит» йўналишига ҳам 90та квота ажратилган, лекин бу ерда ҳам рақамлар камтаргина - 303 киши.

«Банк иши» йўналишига 70та квота ажратилган, лекин унга бор-йўғи 268 киши ҳужжат топширган.

Ёки келинг, юқоридаги фуқаронинг эътирозида қайд этилган 2 йўналишдаги ҳужжатлар сонига назар ташлаймиз.

«Ўғлимни мажбуран ўтказишди», дея даъво қилинаётган «Хизматлар соҳаси (туризмни ташкил этиш ва бошқариш)» йўналишига жами 50та квота ажратилган, лекин унга 978 киши ҳужжат топширган.

«Аслида биз аризани «Меҳмонхона» йўналишига топширган эдик», дея даъво қилинаётган «Меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш» йўналишига 40та квота ажратилган бўлишига қарамай, унга атиги 179 киши (!) ҳужжат топширган холос.

Демак, квоталар сони ҳужжатларга сонига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаган. Энди холис бўлиш учун иккинчи назарияни ҳам текшириб кўрамиз. Яъни балки йўналишларнинг кириш балларида фарқ бордир? Чунки одатда абитуриентлар кириш балли паст бўлган йўналишларга ўзларини «уришади» ва ҳужжатлар сони ошиб кетади.

Ўтган йилги ўтиш балларини таҳлил қилганимизда, йўналишлар ўртасида катта фарқ йўқлигига гувоҳ бўлдик. Масалан, ҳаддан ташқари кўп ҳужжат топширилган ва 80та квота ажратилган «Иқтисодиёт» йўналишига кириш балли 152,7 бўлган. 90та квота ажратилган, сезиларли даражада кам ҳужжат топширилган ва шубҳали кетма-кетлик ҳамда баллар тафовутига эга бўлган «Корпоратив бошқарув» йўналишига кириш балли 155,4 бўлган. Қолган йўналишлар ҳам шу атрофда. Демак, фалон йўналишда балл кам экан деб, ҳамма битта йўналишга ҳужжат топширишга иштиёқманд бўлган, деган тахмин ҳам ўзини оқламади.

Тўғри, тан олиш керак, номзодлар кўплиги бўйича 2-ўринда турган «Хизматлар соҳаси (туризмни ташкил этиш ва бошқариш)» йўналишига кириш балли анча паст бўлган – 101,6 балл. Лекин унга сиртдан рақиб сифатида қаралаётган «Меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш» йўналишида ҳам балл унчалик юқори эмас – 138,6 балл бўлган. Аммо шу икки йўналишнинг бирига 978 киши, бошқасига 179 киши топширган. Қизиқ, жуда қизиқ...

Янада тушунарлироқ бўлиш учун қисқагина жадвални ҳавола қиламан: 

Фарқлар катта, ниҳоятда катта. Мен бу билан бирор тугал фикр бермоқчи эмасман. Юқоридаги фуқаролар ёзган эътирозларнинг барчаси ҳақиқат, дейишдан ҳам йироқман.

Лекин тасодифлар кўпайиб кетмаяптимикин? Балки рақамларда ва шикоятларда ҳам жон бордир? Балки жиддий текшириш керакдир. Билмадим, буёғи энди бизнинг ваколатимизга кирмайди. Буёғини тегишли ташкилотларга ишонамиз, улардан жавоб кутамиз.

Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.

Мавзуга оид