14:50 / 29.08.2017
47904

Таҳлил. Жаҳон чемпионатига чиқиш учун бизга неча очко керак?

Фото: ЎФФ матбуот хизмати

Кеча бир танишимни учратиб қолдим.

- Ака, терма жамоамиз нима бўларкин?

- Билмасам, кўрайликчи...
- Мабодо корейслар билан очкомиз тенг бўлиб қолса, ким чиқади?
- Тўплар нисбатига қаралади.

- Ўзаро ўйинмасми? Ҳар доим шу савол чиқаверади, ахтариб тополмадим шуни

- Регламентда бор, керак бўлса, кўриб олса бўлади. Энди унақа ҳолатлар кам, бўлиб қолса, маълум бўлади-ку шундоғам.

- Ҳа, шуни ёзиб қўйса бўлмайдими аниқ қилиб?

- Ўзи фақат ўзбекистонликлар олдиндан ҳисоб-китоб қилади, шекилли-да...

Охирги жавобим қанчалик тўғри билмадим-у, икки муҳим ўйин олдидан мана шундай ҳисоб- китобларга эҳтиёж туғилди.

ОФКда биринчи марта сўнгги босқичда 6талик гуруҳларга бўлинди. Илгари бир гуруҳда беш жамоа иштирок этарди. Бу вазифамизни осонлаштирдими ёки йўқ, ҳали маълум эмас, аммо турнир бошланиши олдидан ҳамкасбларимиз билан ўзимизча ҳисоб-китоб қилгандик. Бир неча йиллардан бери татбиқ қилинаётган Европадаги 6талик гуруҳларни таҳлил қилиб, 2-ўринни олиш учун 19-20 очко олиш кераклигига амин бўлгандик.

Аммо гуруҳимизда яққол пешқадамнинг борлиги ва ҳаммага очко улашадиган жамоа бўлмаганлиги ишимизни осонлаштирди ва энди камроқ очко билан ҳам ниятга етиш мумкин.  

Хўш, ҳафтанинг муҳим саволи – биз бу сафар жаҳон чемпионатига чиқишимиз учун неча очко йиғишимиз керак?

6 ОЧКО

Ҳозирда гуруҳда 3-ўринда бораётган бўлсак-да, кейинги ўйинлардаги 100 фоизлик натижа бизни жаҳон чемпионатига олиб чиқади. Чунки ўйинларимиздан бири биздан олдинда бораётган Жанубий Кореяга қарши кечади ва улар устидан қозонилган ғалаба орқали 2-ўринга кўтарилиб олишимиз мумкин.

Энди бошқа вариантларни кўриб чиқиш учун, аввало, эътиборингизга 9-тур олдидан мусобақа жадвалини ҳавола қиламиз.

Эрон терма жамоаси гуруҳдаги 1-ўринни банд қилиб қўйган. 2-ўрин учун кураш худди ўтган сафаргидек, асосан биз ва корейслар ўртасида кечади.

9-тур. Хитой – Ўзбекистон

9-тур. Жанубий Корея – Эрон

10-тур. Ўзбекистон – Жанубий Корея.

Мана шу уч учрашув йўлланма тақдирини ҳал қилишини эътиборга олиб, турли вариантларни кўриб чиқамиз.

 

ХИТОЙНИ ЮТАМИЗ:

1-вариант. Эрон Жанубий Кореяга ютқазади.

Бу ҳолда сўнгги тур олдидан Бизда 15, Жанубий Кореяда 16 очко бўлади. (Сурия 2-ўрин учун имкониятни бутунлай йўқотади) Йўлланмани қўлга киритиш учун Тошкентдаги ўйинда ғалаба қозоншимиз шарт бўлади.

2-вариант. Эрон Жанубий Корея билан дуранг ўйнайди.

Бу ҳолатда, биз Жанубий Кореяни қувиб ўтамиз ва сўнгги турда камида дуранг ўйнашимиз керак бўлади. Мағлубият устунлигимизни йўққа чиқаради.

3-вариант. Эрон Жанубий Корея устидан ғалаба қозонади. 

2-вариантга қаралсин.

 

ХИТОЙ БИЛАН ДУРАНГ ЎЙНАЙМИЗ

4-вариант. Эрон Жанубий Корея устидан минимал ҳисобда ғалаба қозонади.

Очколаримиз корейслар билан тенглашиб қолади. Тўплар нисбатимиз ҳам тенг – 0 бўлади. Аммо агар Хитойдаги дурангимиз 7:7 бўлмаса, Корея жадвалда биздан тепада (кўпроқ гол ургани учун) бўлиб қолади. Ғалаба қозонишимиз шарт.  

5-вариант. Эрон Жанубий Корея устидан йирикроқ ғалаба қозонади.

У ҳолатда Хитойдаги дуранг бизни жадвалда 2-ўринга олиб чиқади ва сўнгги турда дуранг ўйнаб ҳам ЖЧга чиқишимиз мумкин. Эътибор берган бўлсангиз, бу биз учун энг омадли вариант – яна 2 очко билан мундиалга чиқиш имкони бўлади. Эсингизда бўлса, ўтган сафар 5 жамоали гуруҳда 14 очко олиб ҳам учинчи ўринда қолгандик.   

6-вариант. Эрон Жанубий Корея билан дуранг ўйнайди.

У ҳолда турнир жадвали ўзгаришсиз қолади ва Тошкентда Жанубий Кореяни ютишимиз шарт.  

7-вариант. Эрон Жанубий Кореядан ютқазади.

10-тур олдидан Жанубий Корея билан ўртамиздаги фарқ 3 очкога етади. Хитойдаги дурангдан сўнг, бизда тўплар нисбати – 0 га тенг. Жанубий Кореяда ҳозир +1. Эрондаги ғалаба билан камида +2 га етади. Яъни ўртадаги фарқни йўқотиш учун корейсларни икки тўп фарқи билан енгишга тўғри келиб қолади. Чунки минимал ҳисоб ҳар икки жамоанинг тўплар нисбатини +1 га айлантиради. Қайси жамоа кўпроқ гол урганига қаралса, рақибларимиз устунроқ.   

 

ХИТОЙДАН ЮТҚАЗАМИЗ

8-вариант. Эрон Жанубий Корея устидан ғалаба қозонади.

Турнир жадвали ўзгаришсиз қолади ва Тошкентда Жанубий Кореяни ютишимиз шарт. Шунингдек, Сурия терма жамоаси Қатарни ютиб, очколари сонини 12тага етказиши ва иккинчи ва учинчи ўринлар учун курашга қўшилиши мумкин. Бу эса, янаям хавфли, биз нафақат 2-ўринни орзу қилишимиз, балки, учинчи ўринни бой беришимиз ҳам мумкин бўлиб қолади.

9-вариант. Эрон Жанубий Корея билан дуранг ўйнайди.

Ўртадаги фарқ 2 очкога етади. Вазифа ўша – Жанубий Корея устидан ғалаба қозонишимиз керак бўлади. Ўз навбатида, Сурия томонга ҳам қараб қўйишга тўғри келади.  

10-вариант. Эрон Жанубий Кореядан ютқазади.

Жанубий Корея муддатидан олдин 2-ўринни нақд қилиб олади. Аммо сўнгги тур ўз қийматини йўқотмайди. Биз энди учинчи ўринни Сурияга бериб юбормаслик учун ҳам очко олишимиз керак бўлади.

Таҳлил қилиб кўриш мумкинки, санаб ўтилган 10 вариантдан 8тасида ЖЧга чиқишимиз учун Жанубий Кореяни ютишимиз шарт бўлиб қолар экан. Мана шу 8 вариантнинг 2тасида ҳатто ғалаба қозониб ҳам, учинчи ўринда қолиб кетишимиз эҳтимоли мавжуд экан. Ўз навбатида, атиги 2 очко олиб ҳам, Россия – 2018 йўлланмасини қўлга киритиш имкони йўқ эмас.

Демак, сўнгги турда ўзимизни яхшироқ ҳис қилишимиз ва вазифани енгиллаштиришимиз учун Хитойда ғалаба қозонишимиз, энг камида дуранг ўйнашимиз керак бўлади. Агар Хитойда дуранг ўйнасак, ҳар қанақасига (Эрон- Жанубий Корея қандай тугашидан қатъи назар) 2-ўрин тақдири Тошкентда ҳал бўлар экан.

Футболчиларимиз Хитойдан ўша имкониятни ўз қўлларида сақлаб қолган ҳолда қайтишларига ишонч билдириб қоламиз.

Қ.Асланов

Top