Спорт | 15:26 / 30.08.2017
44444
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Хитойга қарши ўйинини Хайрулла Ҳамидов шарҳлайди

Фото: Kun.uz

31 август куни соат 17:00дан бошлаб Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2018 саралаш босқичининг навбатдаги турида Хитой терма жамоасига қарши баҳсни бошлайди. 

Ушбу учрашув «Спорт» телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилади.

Ушбу ўйинни Хайрулла Ҳамидов ва Дилшод Тўхтабеков шарҳлаб боришади. Бу маълумотни «Трибуна»га шарҳловчи Хайрулла Ҳамидовнинг ўзи тасдиқлади.

Ушбу ўйин терма жамоамиз учун ҳаёт-мамот баҳсига айлангани учун, Хитойдаги баҳсга бўлган эътибор жиддийлигидан «Спорт»  телерадиоканали ходимлари кун давомида ушбу учрашувга доир кўрсатувлар тайёрлашга қарор қилишган. 

Маълум қилинишича, 31 август куни соат 10:40дан бошлаб бир ярим соат давомида эфирга узатиладиган кўрсатув орқали ўйин шарҳловчилари сафарга кетган Фаррух Расуловга алоқага чиқиб, футболчиларимизнинг Хитойдаги ҳолати хусусида суҳбат қуришади. Шунингдек, оралиқ кўрсатувларга таниқли мутахассислар ҳам жалб этилган бўлиб, улар учрашувдан олдинги фикр-мулоҳазаларини билдириб, термамиз ўйинини таҳлил қилишга ёрдам бериб юборишади.

Ўйин трансляцияси ҳам учрашув бошланишидан бир соат олдин бошланади.

Эслатиб ўтамиз, таниқли футбол шарҳловчиси ва журналист Хайрулла Ҳамидов бироз олдинроқ узоқ танаффусдан кейин яна телевидениега қайтганди.

Мавзуга оид