Эксперт таклифлари: СЭС фаолиятини қандай яхшилаш мумкин?
Республика ўлат, ўта хавфли ва юқумли касалликлар муҳофаза қилиш марказининг шифокор-эпидемиологи, тиббиёт фанлари номзоди Ғофуржон Тожибоев «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги қонун талабларини давлат санитария эпидемиология назорати марказлари (СЭС) ходимлари томонидан бажарилишидаги муаммолар ва уларни бартараф этиш ҳамда хизмат фаолиятини мувофиқлаштиришга доир таклифларни KUN.UZ таҳририятига йўллади.
1) Муаммонинг долзарблиги ва уларни бартараф этиш бўйича таклиф этилаётган тадбирлар: Республика аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашда ташқи муҳит омилларини (халқ истеъмоли молларида пестицид, мекотоксин, ГМО, оғир матал тузлари, иш ўринларида зарарли омиллар ва ҳ.к.) лаборатория услубида текшириш имкониятлари (ваколати хам) фақат СЭС хизматида мувжуд, аммо республикадаги 200дан зиёд туман СЭСларининг санитария-гигеник, бактериологик, лабораториялари собиқ иттифоқ давридаги тиббий асбоб-ускуналар асосида фаолият юритмоқда. Шу муносабат билан уларни замонавий, тез натижа берувчи, юқори сезувчанлик хусусиятига эга бўлган (экспресс) тиббий техникалар билан жиҳозлаш ва реактив ҳамда бак препаратлар билан таъминлаш зарур.
Амалга ошириш механизми: бир вақтнинг ўзида ҳам халқаро лойиҳалар ёрдамида, ҳам давлат раҳнамолиги остида.
Ютуқлари:
1. Заҳарланиш ёки юқумли касалликлар қўзғатувчисини барвақт (2–3 соатда) аниқлаш имкони пайдо бўлади ва унга қарши чора-тадбирлар зудлик билан ижрога қаратилади;
2. Ижобий натижа берган лаборатория намуналари вилоят (шаҳар) ёки республика марказларида чуқур ўрганилади (идентификация қилинади);
3. Ҳозирда кам самарадорлик билан фаолият юритаётган ва кўп хоналарни банд қилаётган лаборатория бинолари (хоналари) бўшайди ва ундан унумли фойдаланиш имконияти яралади;
4. Кам харажат билан юқори натижага эришилади;
5. Лаборатория натижаси барвақт бўлгани ва унга асосан чора-тадбирлар зудликда ўтказилиши боис заҳарланиш, касб касалликлари ёки юқумли касалликларни оммавий тус олишига имкон бермайди;
6. Ҳозирда бўш (вакант) турган штат бирликлари ва ходимлар сони қисқаради. Бюджет маблағидан мақсадли фойдаланилади;
7. СЭС ходимларининг замонавий тиббий техникани қўллаш борасидаги малакаси оширади.
Камчилиги: Лаборатория ходимлари замонавий янги тиббий техника билан ишлаш принципларини ўзлаштиргунига қадар бирмунча вақт талаб этилади.
2) Муаммоларнинг актуаллиги ва уларни бартараф этиш бўйича таклиф этилаётган тадбирлар: аҳолининг ноинфекцион (юрак қон-томир, асаб, эндокрин, ошқозон-ичак, ўсма, нафас олиш ва ҳ.к.) касалликларига чалиниш ҳолати ва унинг келиб чиқиш (эпидемиологияси) сабаблари ўрганилмасдан қолаётгани сабабли уларни даволашга катта аҳамият берилмоқда. Шу сабабли СЭС ходимлари бирламчи тиббий-статистик маълумотлар ва ташқи муҳитни текшириш натижалари бўйича олаётган маълумотларига асосланиб, касаллик эпидемиологиясига аниқлик киритиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, ҳудудий ҳокимликлар томонидан ижрога қаратиш.
Халқ хўжалиги объектлари раҳбарларига ноинфекцион касалликлар профилактикасига қаратилган ёки унинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш бўйича тавсиялар беришни таклиф қиламан.
Амалга ошириш механизми: Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, санитария қисмларидаги ноинфекцион касаллик кўрсаткичлари хақидаги статистик маълумотлар ҳамда ташқи муҳит омилларини текшириш натижалари бўйича СЭС лабораториясидан олинган маълумотларга ва эпидемиологик суриштирув натижаларига асосланган ҳолда.
Ютуқлари:
1. Ноинфекцион касалликларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш билан бирга унинг олдини олиш ва кўпайишига йўл қўймаслик чора-тадбирлари ишлаб чиқилади. Бу, ўз навбатида, ишчи-хизматчиларнинг ишлаш шароитларини янада замонавий ва хавфсиз бўлишига сабаб бўлади;
2. Республика, вилоят, шаҳар ва туман марказларида ноинфекцион касалликлар бўйича ташкил этилиши мумкин бўлган тиббий марказларни барпо этилиши мувофиқлаштирилади;
3. СЭС хизмати ходимларининг касаллик профилактикасига қаратилган, профилактик йўналишдаги фойдали иш коэффициенти янада ошади;
4. Давлат бюджетини тежашга ва уни мақсадли равишда профилактик тадбирларга сарфлашга олиб келади.
Камчилиги: Мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхона, ташкилот ва муассаса раҳбарлари томонидан ноинфекцион касалликларнинг олдини олишга қаратилган тадбирларнинг бажарилишини келишилган муддатларда таъминламаслик.
3). Муаммоларнинг актуаллиги ва уларни бартараф этиш бўйича таклиф этилаётган тадбирлар: Республикада ишчи ходимларни зарарли иш шароитида фаолият юритишларини ўрганиш ва хулоса бериш айрим (ҳолларда) нодавлат хизматлар томонидан амалга оширилмоқда. Бу, ўз навбатида, манфаатдорнинг молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиш билан бир қаторда ваколати бўлмаган шахсларнинг хулоса беришига сабаб бўлмоқда. Шу муносабат билан зарарли иш шароитини ўрганиш ва унга хулоса бериш ваколатини (ташқи муҳит омилларини лаборатория услубида текшириш ваколати фақат СЭС (ДСЭНМ) хизматида мувжуд) фақат давлат тизими бўлган СЭС зиммасига юклашни тавсия қиламан.
Амалга ошириш механизми: Зарарли иш шароитини ўрганиш ва унга хулоса бериш тартибини нодавлат тизим томонидан амалга оширилишини бекор қилиш ва уни атестация ҳамда акредитациядан ўтган ваколатли СЭС хизматида ўрнатилган тартибда пуллик хизмат кўрсатиш йўли билан амалга ошириш.
Ютуқлари:
1. Ишчи ходимларнинг зарарли иш шароитларини ўрганиш давлат томонидан назоратга олинади, бу ўз навбатида ушбу масалага замонавий ёндашиш механизмини таъминлайди;
2. Бюджет маблағларини (ҳудудий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган калькуляция асосида — воситачисиз) қонуний бойитиш имкониятини яратади;
3. СЭС хизматини замонавий техникага бўлган ёндашувини янада ривожлантиради ва имкониятларини кенгайишига сабаб бўлади;
4. Атестация ҳамда аккредитациядан ўтган ваколатли СЭС хизмати қонуний вазифаларини мутахассис сифатида амалга оширади.
Камчилиги: Ушбу масала билан шуғулланаётган ва мутахассис бўлмаган юридик ташкилот раҳбарлари томонидан қаршилик бўлиши мумкин.
4) Муаммоларнинг актуаллиги ва уларни бартараф этиш бўйича таклиф этилаётган тадбирлар: Одамлар ва ҳайвонот дунёси орасидан айрим (зооантропоноз) юқумли, ўта хавфли ва паразитар касалликлари кўрсаткичлари ортиб, унга қарши курашда дори-дармон ва вакциналар республика ташқарисидан катта маблағ эвазига (талаб этилган миқдорни атиги 50–70 фоизи) харид қилинмоқда. Шу сабабли айрим иммунобиологик препаратларни республикада ишлаб чиқиш имконияти мавжудлигини (Самарқанд вилоятидаги «Биокомбинат» номли Англия билан қўшма корхона) инобатга олиб, ўзимизда ишлаб чиқариш технологиясини йўлга қўйишни таклиф қиламан.
Амалга ошириш механзмлари: Бир вақтнинг ўзида халқаро лойиҳалар ёрдамида, давлат раҳнамолигида, босқичма-босқич амалга ошириш.
Ютуқлари:
1. Бир вақтнинг ўзида ҳайвонлардан ҳам ҳайвонларнинг ўзи, ҳам одамларга юқадиган айрим юқумли касалликларнинг олди олинади;
2. Молиявий жиҳатдан ўзини ўзи оқлайди, келажакда экспорт қилиш имконияти туғилади;
3. Эпидемик ва эпизоотик вазиятни соғломлаштиришда катта аҳамиятга эга;
4. Келажакда (босқичма-босқич) инсонлар учун ҳам профилактик ва даволаш мақсадида ишлатиладиган иммунобиологик препаратларни ишлаб чиқариш имкониятини яратади;
5. Валютамизнинг четга чиқиб кетишининг олди олинади ва қўшимча иш ўринлари яратилади.
Камчиликлари: йўқ.
Юқорида қайд этилган таклиф ва мулоҳазалар оз бўлса-да, мамлакатимиз аҳолисининг саломатлигини муҳофаза қилишда ўз ҳиссасини қўшади, дея умид қиламан.
Ғофуржон Тожибоев,
Республика ўлат, ўта хавфли ва юқумли касалликлар муҳофаза қилиш марказининг врач-эпидемиологи, тиббиёт фанлари номзоди