07:55 / 15.09.2017
12823

Шимолий Корея Тинч океани томон ракета учирди

Фото: KCNA / Reuters

Шимолий Корея навбатдаги баллистик ракета синовини ўтказди. Бу ҳақда жанубий кореялик ҳарбийлар маълум қилишган.

“Рёнхап” ахборот агентлигининг маълум қилишича, ракета шарқий йўналишда учирилган. NHK япон телеканалининг Япония мудофаа вазирлигига иқтибос келтирган ҳолда хабар қилишича, ракета Тинч океани томон йўналиб, Япония ҳудуди устидан учиб ўтган ҳолда Хоккайдо оролидан 2 минг км узоқликда тушган. Маълумотларга кўра, ракета маҳаллий вақт билан соат 7:06да (Тошкент вақти билан соат 3:06да) учирилган. Япония ҳукумати хабарларида айтилишича, ракета соат 7:16да Эримо бурнидан шарқий томонда сувга тушган.

Ракета учирилиши муносабати билан Япония ҳукумати мамлакатнинг шимолий туманлари аҳолиси учун фавқулодда огоҳлантириш эълон қилган. Охирги маълумотларга кўра, ракетанинг қулаши вақтида ҳеч ким жабрланмаган. Япония мудофаа вазирлигида айтилишича, ҳарбийлар ракета хавф солмагани сабабли унга қарши ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимини қўллашмаган.   

Жанубий Корея армияси ракета парвози ҳақида маълумотлар аниқлаштирлаётганини маълум қилган. Вазиятни муҳокама қилиш учун Жанубий Корея миллий хавфсизлик кенгаши йиғилиши чақиртирилган. Унга мамлакат президенти Чжэ Ин Мун бошчилик қилади.

Шимолий Корея навбатдаги баллистик ракетани учиришга тайёрланаётгани ҳақида сентябрь бошида маълум бўлганди. Бу огоҳлантириш Шимолий Корея 3 сентябрда 250 килотонналик водород бомбасини портлатиб, ер ости ядро синовини ўтказгандан кейинги кунга эълон қилинганди.

Top