Light | 17:00 / 24.09.2017
31380
4 дақиқада ўқилади

Ижтимоий тармоқда сизни обрўсизлантирувчи 6та хато

Фото: Fed.az

Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш амалиёти замонавий кишининг кундалик турмушидан муҳим ўрин эгаллаб бораётган тенденциялардан бири. Ҳаттоки, сиёсатчи ва тадбиркорлар ҳам ўз фаолиятини ижтимоий тармоқда дадил олиб бораётганини кузатиб хулоса қилсак, унда ҳар ким йўл қўйиши мумкин бўлган 6та хатога эътибор қилишимизга тўғри келади.

1. Уруш ва жанжал

Зарурияти йўқ: Ижтимоий тармоқ майдони кенг ва унда нотаниш кимсаларнинг профилига тез-тез дуч келасиз. Айрим ҳодиса ва воқеаларга изоҳ беришда, унга нисбатан шахсий фикрингизни билдиришда асабийлашиб, жанжал кўтаришнинг ҳожати йўқ. Энг муҳими, сиз танимаган инсоннинг шаънига номақбул сўзларни айтманг.

Балки: Кенг жамоатчилик кузатуви остида бўлган майдонда сизнинг шахсий имижингиз ижобий тарафга ўзгаришини хоҳласангиз, низоли жараёнда туриб, унга қизиққонлик билан жавоб берманг. Ҳар бир масалага мулойим ва хотиржам жавоб қайтаришга урининг. Ҳар қандай ҳолатда ҳам унутманг: муҳокамада баланд овоз билан ғолиб бўлиш мумкин эмас.

2. Очиқ ва ойдин ҳаёт

Зарурияти йўқ: Ҳаётингизда бўлаётган ҳар қайси вазиятни ёритиб бориш, қонунга хилоф ҳаракатларингизни оммага кўрсатиш (алкоголли ичимлик билан машина бошқариш каби), ижтимоий тармоқда шахсий ҳаётидаги батафсил воқеаларни намойиш этиш яхши оқибатларга олиб бормайди.

Балки: Шунчаки битта қоидага амал қилинг: «олтин меъёр»ни танлаб олинг ва ундан оғишманг.

3. Иш соатида тармоқдан фойдаланиш

Зарурияти йўқ: Ишхонада ва иш соатида ижтимоий тармоқларда фаол бўлиш, изоҳ ва янги постларни нашр этиш - сизни бекорчи қилиб кўрсатади. Бундан ташқари, бундай ҳаракатлар меҳнат самарадорлигини тушириб, иш берувчи билан муносабатларингиз совуқлашишига сабаб бўлиши мумкин.

Балки: Тирбандликда турганда, бўш вақт пайдо бўлганда ёхуд уйда ижтимоий тармоқларни текшириб туришингизни тавсия этамиз.

4. Хато ёзиш

Зарурияти йўқ: Ижтимоий тармоқлар, албатта, академик журналлар таҳририяти эмас ва бунинг учун рағбат олмайсиз. Аммо грамматик ва орфографик хатолар ҳам сизни обрўсизлантирувчи омиллардан бири эканини унутманг.

Балки: Агар грамматик ва орфографик ёзувнинг ишончли эканига шубҳангиз бўлса, шунчаки бошқа сўзлар билан фикрингизни ифодалаб беринг.

5. Спам ва белгилаш

Зарурияти йўқ: Сизнинг ҳар бир постингиз дўстларингиз эътиборига ҳавола этилади, уларнинг сиз ҳақингизда тасаввури ўзгариши мумкин. Мантиқсиз «омад келтирувчи хатлар», спам ва бирданига кўплаб дўстларни белгилаш атрофдагиларга ёқмаслиги мумкин.

Балки: Биз сизга ҳақиқий ҳаётдан лаззатланишни, атрофда кўрган бахтли воқеаларни дўстларингиз билан улашиб туришни тавсия этамиз.

6. Ижтимоий тармоқдан воз кечиш

Зарурияти йўқ: Қатъиятсиз кишилар сингари қарор чиқаришга шошилманг. Агар ироданинг сустлиги туфайли тармоқни тарк этмоқчи бўлсангиз, у ҳолда шунчаки ижтимоий тармоқда камроқ фойдаланинг.

Балки: Сизни ҳеч ким мажбурий тартибда постларни қўйиб боришга маҳкум этмаган. Баъзида фойдали линк ёки суратлар чоп этишингиз мумкин.

Мавзуга оид