19:57 / 25.09.2017
19145

Дунёнинг энг қиммат брендлари юзталиги чоп этилди

Фото:fdlx.com

Apple ва Google брендлари 5 йилдан бери дунёнинг энг қиммат брендлари мақомини  ўзларида сақлаб келмоқдалар. Бундан Interbrand Corp.’нинг 2017 йилги дунёнинг энг қиммат брендлари юзталиги ҳақидаги ҳисоботи дарак бермоқда.

Interbrand маълумотларига кўра, юзталик етакчиси Apple бренди нархи 2016 йилга нисбатан 3 фоизга ошиб, 184,15 млрд долларгача етган. 2-ўриндаги Google бренди бир йил ичида 6 фоизга қимматлашиб, 141,7 млрд долларгача етган. 3-ўринни Microsoft бренди эгалламоқда, у бир йил ичида 10 фоизга қимматлаб, нархи 80 млрд долларгача етган.

Рўйхатнинг етакчи ўнталигига юқори технологиялар секторида фаолият юритувчи 7 та бренд кирган: Apple, Google ва Microsoft’дан ташқари, ундан Amazon (5-ўрин, 64,8 млрд доллар), Samsung (6-ўрин, 56,2 млрд доллар), Facebook (8-ўрин, 48,2 млрд доллар) ва IBM (10-ўрин, 46,8 млрд доллар) ўрин олган. Ушбу сектордаги брендларнинг умумий қиймати 675 млрд доллар бўлиб, қолган тармоқлардаги брендларни анча ортда қолдирган. 

2013 йилгача 13 йил давомида етакчиликни сақлаб келган Coca-Cola бренди 4-ўринни эгаллаган, унинг қиймати 5 фоизга арзонлашиб, 69,3 млрд долларни ташкил қилган.

Етакчи ўнталикдан иккита автомобиль бренди ўрин олган: Toyota (7-ўрин, 50,3 млрд доллар) ва Mercedes (9-ўрин, 47,8 млрд доллар). Автомобилсозлик брендларининг умумий қиймати 266,8 млрд долларга тенг бўлиб, тармоқ 2-ўринни эгалламоқда.

2017 йилда 100 та етакчи компаниядан 31 таси технологик ва автомобилсозлик соҳаларига тегишли бўлган. 2016 йилда бу кўрсаткич 29 тани ташкил қилган. 

Дунёдаги энг йирик ижтимоий тармоқ Facebook бренди қийматининг энг тез ўсишини намоён қилди (48 фоиз, 48 млрд доллар) ва бу унга рўйхатда 15-ўриндан 8-ўринга кўтарилишга имкон берди. Энг тез ривожланаётган брендлар қаторидан Amazon (+29%), Adobe (+19%), Adidas (+17%), Goldman Sachs ва Starbucks (16%) ўрин олган. 100 та компаниядан 16 таси 10 фоиздан кўпроқ ўсиш суръатини намойиш қилган.

Ушбу йил рейтингга 3 та янги бренд кирган: Netflix (78-ўрин), Salesforce.com (84) ва Ferrari (88).

100 та етакчи бренднинг умумий қиймати 2016 йилга нисбатан 4,2 фоизга ошган ва 1 трлн 871,7 млрд долларни ташкил қилган. 

Юзталикдан ўрин олган брендлардан энг кўпи АҚШга тегишли бўлиб, бу қиймат 51 тани ташкил қилди. Рўйхатдан, шунингдек, Германиянинг 9 та, Франциянинг 8 та ва Хитойнинг 2 та бренди ўрин олди.   

Interbrand рўйхатни тузишда компанияларнинг молиявий кўрсаткичлари, брендларнинг истеъмолчиларнинг харид борасидаги қарорларига таъсири ва компаниянинг даромадни таъминлай олишини ҳисобга олади. Ушбу рўйхат 18 йилдан бери чоп этиб келинмоқда.

Top