Жаҳон | 16:20 / 01.10.2017
26189
9 дақиқада ўқилади

Нақд пуллардан воз кечган ночор мамлакат - Сомалиленд

Шарқий Африкадаги Сомалиленд давлати ўз аҳолисининг юқори даражада саводсизлиги билан ажралиб туради, мамлакат иқтисодиёти эса фуқаролик уруши натижасида таназзулга юз тутган. Шундай бўлса-да, Сомалиленд Ер юзидаги нақд пуллар муомаладан чиқариладиган ягона мамлакат бўлиши мумкин. 

Ўзини ўзи давлат дея эълон қилган Сомалиленднинг пойтахти Харгейс кўчаларида бир неча эркак кўп сонли расталардан бири атрофига йиғилган. Улар кат (кўпинча бир вақтнинг ўзида ҳам қаҳва, ҳам коканинга қиёсланувчи енгил гиёҳванд модда)нинг хусусиятлари ҳақида баҳс юритишарди.  

Харидорлар ўз вақтларини бекорга сарфлашни ёқтиришмайди: улар сотувга рухсат берилган бу яшил барглардан иборат боғини олиб, мобил телефонларида бир неча рақамни шошилинч териб, қандай пайдо бўлишган бўлса, шундай кўздан ғойиб бўлишарди. 

Бироқ харидорларнинг ҳеч бирида нақд пуллар йўқ, бу ерда кредит карталаридан ҳам фойдаланишмайди. Бироқ бу кат бепул берилади дегани эмас: у учун телефон орқали ҳисоблашишади, мобил қурилмада бир неча рақам терилади, холос. 

Нақд бўлмаган тўловлар — бу Сомалиленд жаҳонда етакчилик қилувчи ягона тизим бўлса керак. 

Фото: AFP/Simon Maina

Со­ма­ли­ленд 1991 йилда Сомалидан ажралиб, ўзини ўзи автоном республика дея эълон қилди, халқаро ҳамжамият эса уни ҳануз мамлакат сифатида тан олмаган. Шунга қарамай, бу мамлакатнинг нақд бўлмаган тўловларни қўллашда ўзига хос етакчи бўлишига халақит бермади. Со­ма­ли­ленд нақд пул воситаларидан воз кечган жаҳондаги биринчи жамият бўлишига яқин турибди. 

Йўл четидаги киоскми ёки Харгейсдаги супермаркетми - харидлар мобил тўловлар орқали амалга оширилади. 

"Одамлар ҳамма нарса учун телефон орқали ҳисоблаша бошлашди, - дейди Омар, ўз мобил телефонида рақамларни терар экан. - Бу анча осон". 

Ривожланган ёки ривожланаётган иқтисодиётга эга мамлакатларда ҳам телефонлар ёки карталар орқали тўловларни амалга ошириш ҳолатлари кўпаймоқда, бироқ ­Сома­ли­лен­ддаги вазият ўзига хос. 

Нақд пуллардан воз кечиш сабабларидан бири - бу миллий валютанинг шиддатли девальвацияси. Бугун 1 АҚШ доллари учун 9000 сомалиленд шиллинги берилади. Бир неча йил аввал бу курс икки баробар юқори бўлган. 

Сомалиленд шиллинги 1994 йилда қурол-яроғ харид қилиш ва ҳарбий операцияларни молиялаштириш жараёнида пайдо бўлган. Ҳукумат ўз мақсадларига эришиш учун кўпроқ пул босиб чиқара бошлаган. Буларнинг бари миллий валютанинг деярли бир зумда қадрсизланишига олиб келган. 

Энг машҳур купюралар 500 ва 1000 шиллинг номиналли банкноталар бўлгани учун ҳатто оддий тушликка маҳсулотлар харид қилиш учун ҳам бутун бир пачка талаб қилиниши мумкин эди, ўртача тўловлар учун эса харидорга нақ бир халта нақд пул керак бўларди. 

Шиллингни доллар ва еврога алмаштирувчилар нақд пулга тўла машиналарда мамлакат кўчалари бўйлаб ҳаракатланиб пул ишлашади. 

Сомалилендда халқаро банклар ва назорат қилинувчи банк тизими йўқ, бу ерда банкоматларни кўрмайсиз, юзага келган бўшлиқни икки хусусий компания тўлдирган - 2009 йилда ташкил қилинган Zaad ва унинг нисбатан ёшроқ рақиби e-Dahab. Улар биргаликда банк иқтисодиётини яратишди - унга кўра, барча пуллар шу компаниялар орқали ўтади ва мобил телефонларда сақланади, товар харид қилиш ёки сотиш учун эса шахсий кодни киритишнинг ўзи кифоя. 

"Бу буюмларнинг ҳар бири 1-2 миллион шиллинг туради! - дейди заргарлик дўконидаги сотувчининг 19 ёшли ёрдамчиси Иброҳим Абдур-Раҳмон тилла занжирларни кўрсатар экан. Бу товарлар учун маҳаллий пуллар билан ҳисоблашиш варианти унга нореал туюлади. - Одам бунча пулни кўтара олмайди, бу ҳаддан ташқари кўп. Бутун бир жамадон керак бўлади. Биз сомалиленд шиллингларини қабул қилмаймиз, фақат долларлар ва мобил тўловлар". 

Тобора кўп одамлар нақд бўлмаган турдаги тўлов кўринишига ўтишмоқда: пойтахт дўконларида, қишлоқ жойлардаги кўча расталарида фақат шу кўринишдаги тўлов туридан фойдаланилади.

Аҳолининг савод даражаси паст бўлган жойларда технология муваффақияти оддийлик ва функционалликни таъминлайди. Тўловни амалга ошириш учун телефонда бир неча рақамни териб, сотувчининг шахсий кодини киритишнинг ўзи кифоя. Бунинг учун интернетга кириш талаб этилмайди, шунинг учун телефоннинг оддий моделларидан ҳам фойдаланиш мумкин. Бу худди балансни тўлдиришдек гап. 

"Телефон фойдаланишда анча қулай. Мобил курс билан боғлиқ муаммолар бор эди, лекин энди ҳаммасини Zaad орқали амалга оширяпмиз, - дейди Анис мобил тўловларни амалга оширувчи энг машҳур компанияни назарда тутиб. - Энди ҳатто камбағалларда ҳам Zaad бор". 

Унинг сўзлари ҳазилдек туюлиши мумкин, бироқ уларда ҳақиқат кўп. Янги тўлов тизими нафақат сотувчи ва харидорларнинг ҳаётига енгиллик олиб кирди, балки кўплаб қашшоқ сомалилендликларнинг ҳаётини ҳам қутқариб қолди. 

Фото: Matthew Vickery

Ўтган йили Сомалилендда қишлоқларда яшовчи юзлаб минг кишиларни яшаш шароитларидан маҳрум қилган  даҳшатли қурғоқчилик рўй берганида мобил тўловлар шаҳарлик сомалилендликларга ўзларининг қишлоқдаги қариндош-уруғларини қўллаб-қувватлаш имконини яратди. 

Сотувчиларнинг сўзларига кўра, мобил тўловларидаги ҳисоб-китоблар ўтган йилга нисбатан 10-20 фоиздан 50 фоизга ўсган. Шунингдек бу экспортнинг асосий воситаси туялар ҳисобланган кичик иқтисодиётли Сомалилендда битимларни амалга оширишнинг энг машҳур усулига айланиб бормоқда. Ҳозирда ҳатто баъзи иш берувчилар ўз ходимларининг иш ҳақини ҳам телефон орқали тўлашмоқда. 

2016 йилда ўтказилган тадқиқот Сомалиленднинг 16 ёшдан катта аҳолисининг 88 фоизи камида бир SIM-кар­тага эгалик қилади, шаҳарларда яшовчи 81 фоиз сомалилендлик ва қишлоқларда яшовчи 62 фоиз маҳаллий аҳоли мобил тўловлардан фойдаланади. Африканинг аксарият аҳолиси фақат арзон мобил телефонлардан фойдаланиш имконига эга, шу боис Гана, Танзания ва Уганда каби мамлакатларда ҳам мобил тўловлар тизими йўлга қўйилмоқда. 

Бироқ нақд кўринишдаги ҳисоб-китобдан бундай тез узоқлашиш ҳам ҳаммага маъқул келаётгани йўқ. 

Фото: Matthew Vickery

Баъзилар коррупциядан шикоят қилади ва назоратнинг йўқлигидан ташвишда эканини билдиради, зеро мобил банкинг тизимини эгаллаб олган икки хусусий компания мамлакатнинг нозик иқтисодиётига назоратсиз таъсир кўрсатади. 

Боз устига, бошқа мамлакатларнинг мобил тўловлари миллий валютада амалга оширилаётган бўлса, Сомалиленднинг икки хусусий компанияси фақат долларда ишлайди, бу эса мамлакат иқтисодиётини Америка валютаси таъсири остига тушириб қўяди. 

Маҳаллий валюта айирбошловчи Мустафо Ҳассаннинг сўзларига кўра, мобил тўловлар туфайли нафақат уларнинг бизнеси касодга учрамоқда, балки бу тизим коррупция, инфляция ва соя иқтисодиётини юзага келтирмоқда. 

"Биз давлат ё мобил тўловлар назорати билан шуғулланади, ёки уни тақиқлайди, деб ўйлаган эдик, чунки улар кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради. Буларнинг бари икки компания томонидан назорат қилинади ва бу гўёки улар пул босмадан чиқаради, қолганлар эса буни маъқуллаб ўтиргандек туюлади, - дейди Ҳассан, унинг атрофидаги дўстлари бу фикрни тасдиқлашди. - Буларнинг бари инфляцияни келтириб чиқаради. Энди одамлар чўнтакларида пул ўрнига фақат телефон олиб юришибди, ҳаттоки автобус учун йўлкира ҳақи ҳам телефондан тўланади. Буларнинг бари маҳаллий валютада эмас, долларда амалга оширилади".

Сомалилендликлар бажонидил янги технологияга ўтиб кетаётган бўлса-да, Ҳассан ва унинг дўстлари ҳеч бўлмаганда аҳолининг кичик бир қисми нақд пулдан фойдаланишда давом этишига умид қилишмоқда. 

"Агар банк чўнтакда олиб юрилса, уни ўғирлаб кетишлари мумкин. Мен доим нақд пул билан ҳисоблашаман", - дейди кекса Абдулла. У кўз ўнгимизда қоғоз пуллар ҳисоблашган ягона инсон бўлди. 

Мавзуга оид