23:35 / 02.10.2017
22355

Туркманистон ва Россия раҳбарлари нималарни келишиб олди?

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов Ашхободга расмий ташриф билан келган Россия президенти Владимир Путинга икки давлат халқлари ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун ташаккур билдирди, деб ёзади РИА Новости.

РФ президенти Владимир Путин ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов суҳбат чоғида. 2017 йил 2 октябрь.

Юзма-юз музокаралар чоғида туркман етакчиси Россия президентининг ушбу ташрифи муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, Туркманистон ва Россия ўртасидаги дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил тўлган бир пайтда юз берганини қайд этиб ўтди.

Владимир Путин кенгайтирилган таркибдаги музокаралар чоғида Россия ва Туркманистон ўртасидаги товар айланмаси яқин кунлар ичида яна тикланишини маълум қилган.

Жумладан, Путин шундай деган: «Афсуски ўтган йилда турли сабабларга кўра мамлакатларимиз ўртасидаги товар айланмаси пасайди. Лекин бизда бу тенденцияни енгиб ўтиш учун имкониятлар мавжуд ва умид қиламанки, яқин кунларда шундай бўлади ҳам».

«Москва ва Ашхобод ўртасида турли соҳаларда ҳамжиҳатлик қилиш учун бутун бир механизмлар тизими яратилган, бунда асосий рол ҳукуматлараро комиссияга тегишли. Бундан ташқари, товар айланмаси тизимини яхшилаш учун 2018 йилгача 80 та турли тадбирлар ва лойиҳаларни ўзида мужассам этган иқтисодий ҳамкорлик дастури йўналтирилган», — деди Россия президенти.

Россия ва Туркманистон президентлари икки давлат ўртасида стратегик шериклик ҳақидаги шартномани имзолашди. Ўтказилган музокаралар якунига кўра, икки давлат етакчилари ўртасида яна 14та қўшма ҳужжат имзоланди.

Жумладан, қишлоқ хўжалиги, саноат, миграция соҳаси, наркотикларга қарши биргаликда курашиш, денгиз транспорт соҳасида ҳукуматлараро битим, спорт, туризм ва соғлиқни сақлаш соҳасида битим, шулар жумласидандир. Орёл шаҳри ва Мари шаҳри ўртасида биродарлик муносабатлари ҳақида битим имзоланди.

Музокаралар якунига кўра икки давлат раҳбарининг қўшма баёноти ҳам имзо чекилган.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов Владимир Путинга «Ҳамкорликни ривожлантиришдаги хизматлари учун» орденини тақдим этди. Айтилишича, ушбу орден Путиннинг ташрифи арафасида таъсис этилган ва илк бор Россия президентига берилди.

Ўз навбатида, Россия етакчиси Бердимуҳаммедовни Александр Невский ордени билан мукофотлаган.

Путиннинг сўзларига кўра, «Россия Туркманистоннинг бетарафлик статусига ҳурмат билан қарайди» ва Ашхободнинг Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди.

Top